Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тунги мутолаа. Холдош. Ҳикоя

Ўктам Мирзаёр 1956 йилда Нарпай туманида туғилган.

Журналист ва ёзувчи. Кўп йилдан буён республикамизнинг турли матбуот нашрларида баракали меҳнат қилиб келади. Жумладан, кейинги йилларда “Ҳуррият”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири бўлиб ишлади. 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг «Огоҳ кўнгил», «Яхши кунлар қувончи», «Соғинч дафтари» каби тўпламлари китобхонларнинг китоб жавонидан жой олган.

Қуйида 65 ёшни қаршилаётган ёзувчининг ижод намунасидан ўқийсиз. 

***

Кейинги пайтда Холов ўз фамилияси ҳақида кўп ўйлайди. Шу пайтгача эътибор бермаган экан. Бунга ҳамхонаси - Шоҳиданинг шаъмаси сабаб бўлди. Шу десангиз, юзидаги чақалоқ тирноғидай холга қўли беихтиёр бориб келаверадиган бўлиб қолди.

Бир гал суҳбатлашиб туришганида Шоҳида қўлини деярли унинг юзига теккудай яқин олиб бориб:

- Вой-вой, тегманг! Тегманг, каттариб кетади, - деди меҳрибонлик билан.

Холов гап нимадалигини дарҳол фаҳмламади. Буни ўз ҳолича тушунди. Шоҳиданинг илиқ нафасини юзида туйиб орзиқиб кетди. Бўйнимга осилиб олмасин яна дегандек, ортига тисарилди. Умрида ёлчитиб эр кўрмаган бу аёл шундай қилишдан ҳам тоймасди. Ҳар ҳолда Холовнинг кўнглидан бир зум шундай шум шубҳа ўтди.

- Холингизга тегманг, демоқчийдим, - деди Шоҳида унинг кўнглидан ўтганини сезгандай шашти сўниб.

Холов гапни ортиқча чўзмаслик учун шартта бурилиб, жойига бориб ўтирди. Шундан бери ўйлайди.

“Холингизга тегманг, демоқчийдим…”

“Хўш, нега хол, нега Холов?!” “Ё боболарим ҳам холдор бўлганмикан?” “Ажойиб одатларимиз бор-да! Гўё шундай исм қўйилса, холлари тўкилиб кетадигандай.”

У шундай хаёлларга берилиб ўтирганида “Ассалому алайкум, домлажон,” дея эшикдан гавдасини у ёндан-бу ёнга ташлаб, сал энкайинқираб бир одам кириб келди. Унинг қисилган қув кўзига нигоҳи тушиб, хаёли бўлинди. Не ажабки, қаршисида турган одамнинг ҳам юзида, яна денг, айнан бурнининг ўнг томонида ўшанақа холи бор эди.

“Ё тавба, тушимми ё ўнгимми?”. Холов ўрнидан туришга турди-ю, қаршисидаги одамни танимади - бегона, аввал кўрмаган. Аммо эгилиб туриши таниш, қув кўзлариям. Келибдими, ким бўлсаям ҳурматини жойига қўйиши керак.

Холов илтифот билан уни қаршилаб, рўпарасига ўтқизиб, бир пиёла муздайгина кўк чой қуйиб, узатди.

- Хуш келибсиз.

- Куннинг иссиғини қаранг, ёндираман дейди-я! - меҳмон қўлидаги дастрўмоли билан энсаси аралаш юзини артди. Хонада ачқимтир тер ҳиди анқиди.

Холов ундан тезроқ қутулиш учун баҳона қидира бошлади.

- Домлажон, сизни кўп яхши одам, деб эшитаман, ҳаддим сиғиб келавердим, - деди у.

- Яхши қилибсиз-да. Хўш, хизмат?

- Шу десангиз, битта рисолача тайёрлагандим. Биласиз, домлачилик, эл кўзига кўриниб туришимиз керак, шапалоқдай бўлса ҳам “китоби чиқди”, деган гап бўлади. Аммо, пули нақд, - Холовнинг авзойи ўзгармаганини кўриб, чимрилди. - Мени танимадингиз чоғи!

- Кўзимга иссиқ кўриняпсиз, учрашгандаймиз…

- Танийсиз, танийсиз, ҳозир транспортнийдаман. Кўп мақолаларим, китобларим чиққан. Ёшларга маънавиятдан дарс бераман, - у атайин ўзини Холовга яқин тутиш учунми, шамага ўтди. - Холдоровман, исмим Холжигит. Яна денг, хотинимнинг исми - Холтош… буни қаранг-а, ҳаммамизни битта хол бирлаштириб турибди-я, Худонинг бергани шу-да, во ажаб, қудратингдан!

Меҳмон ўз лутфидан яйраб, ёйилиб кулиб, Холовни ҳам “ўзиники”лар қаторига қўшиб олмоқчийди, унинг тумсайиб олганини кўриб, илжайганича қолди.

- Қўлёзмани қолдириб кетинг, - у энгаги билан Шоҳида ўтирган томонга ишора қилди, - танишиб чиқайлик, маъқул келса, режалаштириш учун бошлиқларимизга тавсия этамиз.

Холов шундай дея бошқа ишларига уринди. Холжигит Холдоров энди Шоҳиданинг ёнидаги бўш стулга ўтиб ўтирди. Ҳар замонда Холов томонга кўз қирини ташлай-ташлай, эшиттириброқ, рисоласининг замонабоплигини маънилата бошлади:

- Сингилжон, рисолам ҳали айтганимдай, ёшлар тарбияси ҳақида, бу ҳозир жуда долзарб мавзу. Тезлаштириш керак. Биласиз, ёшларни тарбиялаш ҳаммамизнинг бурчимиз, катта ва асосий вазифамиз!

Холов энди “Э, ҳали дағдаға ҳам қилмасайди” дегандек, кўзойнаги устидан Холжигит томонга ажабсиниб қараб қўйди.

- Албатта, албатта, биламиз, биламиз, - Шоҳида ҳам бирор гап чиқишидан чўчиб, вазиятни юмшатган бўлди.

Холдоров ҳалидан бери тиззасида қўшқўллаб ушлаб ўтирган катта, сариқ, тутилаверганидан униқиб кетган чарм сумкаси боғичини сийпалай бошлади. Нигоҳлари тошдай қаттиқ Холовнинг важоҳатидан чўчиб, уни очолмади, фақат хонадан чиқиб кетаётиб, пайтини топиб, Шоҳидага ташқарига чиқайлик, дегандек имо қилди. Сўнг столга мук тушиб, қоғоз титаётган Холов томонга қараб-қараб, хайрлашишни ҳам, хайрлашмасликни ҳам билмай хонадан чиқди.

Бироздан сўнг Шоҳида қўлида катта шоколад қутиси, қути устида эса ёнига “кофе” деб ёзилган идиш билан қайтиб кирди.

- Анави киши бериб кетди, - деди Холовнинг бигиздай нигоҳидан кўзини олиб қочиб.

- Бу нима?

- Билмасам…

- Нега олдингиз ахир, пора-ку бу!

- Йўғ-э, - Шоҳида шу дам қурбақа ушлаб тургандек, уни оёқлари остига ташлаб юборгандек ерга қаради.

- Бу - пора! Порахўрлик шунақа ширинликлардан бошланади. Анави галварс рисоласини чиқариш учун ширинкама беряпти, билдингизми, - у муаллифнинг фамилиясини атай айтмади. - Бу ишни иккинчи марта такрорламанг, ҳайдаласиз. Аямайман. Қўнғироқ қилса, айтинг - рисолангиз чоп этилмас экан, денг, тамом.

Бу биринчи воқеа эмасди. Холов одамларнинг ўз ишларини битириш мақсадида шунақа нарсаларни кўтариб юришларидан тутақиб кетарди. У қўлидаги бир тутам қоғозни столи устига топлаб уриб, ғижинди. Чинқиришдан берироқ овозда:

- Ўлсаям одам бўлмайди булар. Колорадо қўнғизига ўхшайди. Тутиб олиб куйдирсанг ҳам ўлмайди. Яна домла эмиш. Ҳаҳ, шўрлик талабалар-а! Бундайлар ўликдан ҳам бирор нарса тиланади, - деди тутақиб. Шу пайтда ёнида ўша одам бўлгандамиди…

Холов бу воқеани бир-икки кун деганда зўрға унутган эди. Аммо…

Якшанба куни трактор заводи бозори ёнида - арининг уясидай майдончада машинасини тислаётганида ёнига бир лўли хотин келиб, косовдай қўлини ойнадан тиқиб, нақ бурнининг остида шалпиллата бошлади: “Окажон, хайр қилинг, ҳожибоболар бўлинг, бой бўлинг, бойвачча бўлинг!”

- Торт-а, қўлингни!

Шу пайт орқадан бир эмас, бир неча кишининг ҳой-ҳойлагани эшитилди. Холов гап нимадалигини англаб-англамай, тормозни босди. Лўли хотин “лип” этиб ғойиб бўлди. Холовнинг пешонасидан “пов” этиб совуқ тер чиқиб кетди.

Нима бўлди экан, деган ўй билан машинадан тушишга чоғланганида ҳалигина лўлининг билтанглаб турган қўли ўрнида сўлоқмондай жундор билак кўринди. Қўрқиб кетган Холов бошини эгиб, қўл эгасининг пишқириб турган юзига қаради. Не ажабки, унинг оқ-сариқдан келган лўппигина юзида, билмайман, ўнг томонидами ё чап томонидами, нўхотдай холи бор эди.

- Кўзингга қарасанг ўласанми, манави ойна нима учун берилган? Чочингнинг оқи бўлмаганида пешонангдан яна битта кўз очиб қўярдим.

Шу дақиқада бўлаётган воқеадан ҳам кўра унинг юзидаги холи Холовнинг диққатини кўпроқ тортди. “Наҳотки…, буниям холи бор эканми…?” деган фикр хаёлида айланарди. У эсанкирабгина машинадан тушди. Билакдор йигит энди орқадаги оппоқ “Ласетти”нинг олд қанотини қўли билан сийпалар, ўзича ғудраниб турарди.

Хайрият, тегмаган экан, оралиқда бир қаричча жой қолипти. Энди Холовнинг чапақай жаҳли чиқди:

- Ҳой, ука, намунча кекирдагингни чўзасан, тегмапти-ку!

- Нима-нима, тегиб ҳам кўрсин эди, нақ абжағингни чиқарардим.

Холовнинг машинасидаги ёнойна, орқа чироқларини бир-бир кўрсатиб билакдор ер тепарди:

- Санга машина ҳайдашни ким қўйипти, билсанг ҳайда-да, ёнойна нимага қўйилган, мана буниси-чи?

Мана буниси-чи?

Холов боласи тенги бу йигитнинг нақадар тажанглигини кўриб, ўзини босишга уринди. Шу дам унга гап кор қилмасди. Кўзлари гўлайган, оғзидан тупуклари сачраб кетяпти. Яна икки оғиз гапирса, гурзидай мушт пешонасига келиб тушиши ҳеч гапмас. Холов бейсболкасини ечиб, бошини қашлай туриб, уни кузатишда давом этди.

- Ҳой чол, кўраяпсанми, бундан кейин мана шуларга қараб юр, билдингми!

“Ласетти” ичида ҳалидан бери ғўддайиб ўтирган одам ойнани сал тушириб, бус-бутун машинаси атрофида жазавага тушиб, ер тепаётган йигитни тинчлантирган бўлди:

- Бас, бас, етар ўғлим, ўзингни бос, ўзингни бос, тегмапти-ку!

- Тегсин ҳам эди! Нақ пешонасидан дарча очардим.

Машина ичидаги одамнинг овози танишдай туюлди. Холов энди энкайинқираб овоз эгасига тикилди. Бурсиллаган лаб, товоқдай юз. Нўхотдай хол. Овоз эгаси энгагини кўтариб, машина ойнасининг нурдан сақлайдиган лаппагини тушириб олди. Холов энди унинг кўзини кўролмади. Шу дам пишқироқ ўғил Холов томонга бир буқақараш қилди-да, машина ўриндиғига ўзини ташлади.

Холов ҳамон унинг кимлигини эслашга ҳаракат қиларди. Қайтиб, ўрнига келиб ўтирганида ҳам бу ўй уни тарк этмади. Овоз таниш, хол таниш… Эй, бўлди-бўлди… “Ёшлар тарбияси…” Топди - Холдоров! Холжигит!

Дарҳол машинасидан тушиб, ортга қаради. Оқ “Ласетти” “оппоқ йўрғадек” шитоб билан олислаб борарди.

Ўктам Мирзаёр.