Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Украинада Чернобиль аварияси такрорланиши мумкин

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россия ва Украина бир-бирини айблаётган сўнгги кунларда қайта ўққа тутилиши сабабли фалокат юз беришидан қўрқиб, бу масалада келишувга эришиш кераклигини айтди.

Шунингдек у Запорожье атом электр станцияси атрофидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирган. Украина ҳам Россия ҳам МАГАТЭ инспекторлари мамлакатга ташриф буюришига қарши эмаслигини билдирган.

Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси инспекторлар делегацияси таркибида Запорожье АЭСига шахсан ташриф буюрмоқчи бўлди. Унинг сўзларига кўра, ҳозир ядровий хавфсизликка “тезкор таҳдид” йўқ, бироқ эртага вазият ўзгариши мумкин.

Россия Мудофаа вазирлиги АЭСнинг Укранина қуролли кучлари ҳаракатлари натижасида фалокатга учраши мумкинлигини айтмоқда. Аммо ўз қўшинларини АЭС ҳудудидан олиб чиқиш борасидаги таклифларга қатъий рад жавобини бермоқда.

Хусусан, кеча Россия БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг РФ қўшинлари томонидан босиб олинган Запорожье атом электр станцияси атрофидаги ҳудудни демилитаризация қилиш таклифини рад этди. Запорожье АЭС атрофида қуролсизлантирилган ҳудуд яратиш таклифи «қабул қилиб бўлмайди», чунки бу станцияни янада заифлаштиради, деди 18 август куни ТИВ ахборот ва матбуот департаменти директори ўринбосари Иван Нечаев.

Мутахассисларнинг эслатишича, Чернобиль ва Фукусимадаги АЭС авариялари олдидан содир бўлган воқеалар фарқига қарамай, асосий сабаб қувват тизимлари ишдан чиқиши, электр таъминоти узилиши, совутиш тизимлари қисман ёки тўлиқ ёпилиши бўлган. Буларнинг барчаси охир-оқибат ядро ёқилғисининг ҳаддан ташқари қизиб кетиши ва реакторнинг портлашига олиб келган.

Хабарларга кўра, юз бериши мумкин бўлган фавқулодда вазият аҳолининг оммавий миграциясини қўзғатиб, Европада юзага келган энергетик инқироздан кўра кўпроқ ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.