Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Украинада сайлов якунланди: Зеленский ғалаба қозонди

Украинада президентлик сайловларининг иккинчи турида овоз бериш жараёни якунланди.

Миллий экзитпол маълумотларига кўра, шоумен Владимир Зеленский президентлик сайловларида ғолиб бўлди. Маҳаллий вақт билан 18:00гача (Тошкент вақти билан соат 20:00) ўтказилган сўровномалар натижаларига кўра, у 73,2 фоиз овоз олган, сайловдаги иккинчи номзод, Украинанинг амалдаги президенти Петро Порошенкони эса сайловчиларнинг 25,3 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Зеленский учун ҳаммадан кўпроқ Украина шарқидаги областлар овоз берган - Донбасс атрофидаги ҳудудларда у 87,7 фоиз овоз олишга эришган. Унга нисбатан камроқ овоз мамлакат ғарбида берилган - 57 фоиз. Порошенкони ғарбдаги сайловчилар нисбатан яхшироқ қўллаб-қувватлашган - 41,3 фоиз.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда давомат 63 фоизни ташкил қилди. Днепропетровск, Запорожье ва Полтава областларида сайловчилар нисбатан фаолроқ бўлишди.

Порошенко Зеленскийнинг ғалабасини тан олди. У экзит-пол натижалари чиққанидан кейин рақибига қўнғироқ қилиб, уни табриклашини айтган. «Мен келаси ойдан мамлакат президенти лавозимини тарк этаман. Украиналикларнинг аксарияти шундай бўлишини хоҳлади ва мен уларнинг бу қарорини қабул қиламан», деди Порошенко.

Шу билан бирга, Порошенко лавозимини тарк этса-да, сиёсатдан кетмаслигини, «Украина учун курашишда давом этиши»ни билдириб ўтган.