Улар қандай туради?: Мўъжизавий тарзда мувозанат сақлаб турган тошлар
Дунёнинг кўп қисмларида тоғлар, бошқа тошлар ёки музликлар устида мувозанат сақлаб турган улкан тошлар каби табиий мўъжизаларни учратиш мумкин.
Эртаклардагидек кўринадиган ҳодиса кўплаб сайёҳларни жалб қилади, шу сабабли улар эсда қоларли суратга тушиш учун машҳур диққатга сазовор жойларга боришади.
Кема-тош (Колорадо)
Табиатнинг бу сирини Колорадодаги "Худолар боғи"да кўришингиз мумкин. Тош пароходга ўхшайди, шунинг учун шундай номланган.
Маҳабалипурам (Ҳиндистон)
Шарсимон Кришна силлиқ тоши ўз мувозанатини тўғридан-тўғри тоғ ёнбағрида сақлайди. Бу ерда ҳақиқатан ҳам илоҳий кучларнинг аралашуви бордек туюлиши мумкин, чунки тошнинг ўзи ўзини ушлаб туришига ишониш қийин. Ҳатто ўнлаб филлар ҳам бу силлиқ тўпни қимирлата олмаслигига аҳолининг ишончи комил.
Кьерагболтен (Норвегия)
Бу сайёрадаги энг машҳур осиғлиқ тош Норвегиянинг Кьераг платосидаги миллий боғда ўрнашиб олган. Гўё икки тоғ қояли қирғоқлар билан ўралган гўзал ва чуқур денгиз кўрфази - Люсе-фьордга тушишга ҳаракат қилаётган 1 километрлик баландликда осилиб қолган тошни эҳтиёткорлик билан ушлаб тураётгандек.
Сент-Мэри, Лонг-Айленд (Канада)
Дигби округи яқинидаги тубсизлик устида “ўтқазиб қўйилган” улкан базальт устунини кўриб, қойил қолиш учун Канадага бориш керак бўлади. Кузатувчига шамолнинг биринчи шиддати бу тош бўлагини учириб юбориб, денгизга қулатиб юборадигандек туюлиши мумкин. Бироқ, минг йиллар давомида бундай бўлмаган!
Юта паркидаги тош (Америка)
Юта штатидаги Арка номли парк 16 метр баландликда жойлашган тошни ўз ичига олганлиги билан машҳур. Тош ўлчамини 3 та автобус билан солиштириш мумкин.
«Она ва бола» (Зимбабве)
Одамлар “Буюк Зимбабве” боғидаги бу тошни елкасида боласини кўтариб юрган онага ўхшатишади. Табиат яратган ҳайкал шу қадар таъсирчанки, сайёҳлар бу ерга айнан уни кўриш учун келишади. Шунингдек, бу ерда бошқа мувозанатли катта тошлар ҳам бор. Улардан бири ҳатто Зимбабвенинг миллий валютасида тасвирланган.
Торкаль тошлари (Испания)
Антекер шаҳридаги Торкаль паркида ажойиб табиий ҳайкалларни учратиш мумкин. Бир қарашда, табиат маҳсули эртакдаги баҳайбат ошпаз шакли тарелкаларга жуда ўхшаш тошларни устма-уст қўйиб чиққандек таассурот қолдиради.
Аризона Глен-Каньони (Америка)
Аризона миллий қўриқхонасидаги Пауелл кўли устида осилган қоялар Марс панорамасини эслатувчи ажойиб манзара яратади.
Бримҳэм қоялари (Буюк Британия)
Шимолий Йоркшир ҳам ташриф буюришга арзийди, чунки Бримҳэм яқинида қўзиқоринлар ёки бошқа фантастик ўсимликлар билан адаштирилиши мумкин бўлган тошлар бор. Мураккаб шакли ва мувозанати билан ажралиб турадиган бу қоялар нафақат сайёҳларнинг машҳур диққатга сазовор жойи, балки муҳим геологик объектга айланишга улгурган.
Шайтон тошлари (Австралия)
Бу катта тошлар Австралиядаги чўлнинг чексиз қумлари устида бўй чўзиб туради. Маҳаллий аҳоли уларни тош бўлаклари эмас, балки улкан илон қўйган тухум эканлигига чин дилдан ишонади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.