Университетда қозоқ тили ва адабиёти бўлими очилди

Бугун Самарқанд давлат университетида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Абай номидаги фан ва маданият маркази ва қозоқ тили ва адабиёти бўлими очилди.

Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бебут Атамкулов, Абай номидаги миллий педагогика университети ректори Болат Тилеп ва бошқа вакиллар қатнашди.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражада эканини эътироф этамиз, - деди Олий таълим, фан ва инновациялари вазирлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Азизбек Насимов. - Мамлакатларимиз ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлаш, тилларни ўзлаштириш, тил мутахассисларининг сифатини оширишга интиламиз. Бугунги кунда мамлакатимизда 400 та мактабда қозоқ тили ўқитилади, таълим фақат қозоқ тилида олиб бориладиган 162 та мактаб мавжуд. Қозоқ тилида олий таълим ва касб-ҳунар таълимини олиш учун Тошкент давлат педагогика университети, Қорақалпоғистон Республикаси университети, Гулистон давлат университети, Нукус, Жиззах ва Навоий давлат педагогика институтларида қозоқ тили ва адабиёти факультети ва кафедралари ташкил этилган. Самарқанд давлат университетида очилаётган ушбу марказ ҳам ёшларимизга қозоқ тилини ўргатишга хизмат қилади. Тарихий жиҳатдан биз бир халқ илдизларига эгамиз. Шу боис туркий давлатлар учун маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, хусусан, университетлар ўртасида ҳамкорлик, академик алмашинув, қўшма, маданий ва илмий алоқаларни йўлга қўйиш алоҳида аҳамиятга эга.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар ўзбек, қозоқ халқларининг қадимдан бир тарихга эгалиги, тили, дини, маданияти, урф-одатлари бир-бирига яқинлигини эътироф этишди. Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов ва Қозоғистон вакилларидан иборат делегация вакиллари рамзий лентани кесишди. Иккала томон бир-бирларига эсталик совғалари берди.

Меҳмонлар университетда очилган Абай номидаги фан ва маданият маркази ва қозоқ тили ва адабиёти бўлими билан танишди. Бўлимда қозоқ маданиятини акс эттирувчи ўтов, турли адабиётлар, талабалар учун аудитория мавжуд.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Бахтиёр Мустанов (фото).