Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда ер солиғи нега баланд?

Ургутлик фермерлар билан суҳбатлашиб қолганимизда “суғориладиган ер учун тўланадиган солиқ ставкаси бошқа жойларга нисбатан бизда жуда юқори” дейишди. Айтишларича, илгари туманда асосан тамаки етиштирилгани ва бу ўсимликдан манфаатдорлик юқори бўлгани боис ер солиғи ҳам ана шу даромаддан келиб чиқиб, бошқа ҳудудларга нисбатан юқори белгиланган.

– Ўтган асрнинг 90-йилларигача туманимизда 55-60 минг тонна тамаки етиштириларди ва бунинг даромади ҳам кўп эди, – дейди кўп йиллар тумандаги жамоа хўжалигига раҳбарлик қилган фахрий қишлоқ хўжалик ходими Абдузойир Зиёев. – Жамоа хўжалиги ҳам, хўжалик аъзолари ҳам ҳар йили яхши даромад қиларди. Ўша пайтларда ер солиғи шундан келиб чиқиб белгиланган. Аммо бугун вазият бутунлай ўзгарди. Ҳозир туман бўйича 3 минг тоннага яқин тамаки етиштирилади, холос. Фермерларнинг ҳам, аҳолининг ҳам мазкур тармоқдан манфаатдорлиги аввалгидек эмас. Лекин суғориладиган ерлар учун солиқ ҳисоблашда ўша юқори ставка сақланиб қолган.

Ана шу гаплар туртки бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги (ПҚ-4086) қарорининг 16-иловаси (юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи ставкалари) билан танишиб чиқдим. Суғориладиган жамоат қишлоқ хўжалик ерлари учун ундириладиган ер солиғининг базавий ставкаларига эътибор қаратдим. Биринчи тоифали 1 гектар ер учун солиқнинг базавий ставкаси вилоятимиз туманлари орасида энг паст кўрсаткич Пахтачи ва Нуробод туманларида (23316,40 сўм) бўлса, энг юқориси Ургутда экан – 51767,60 сўм.

Тупроғининг балл бонитети Ургутнинг ерларига нисбатан юқори бўлган Тойлоқ, Самарқанд, Булунғур туманларида эса бу кўрсаткич 27179,90 ва 27979,00 сўмни ташкил этади.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан таққослаганда ҳам Андижоннинг Пахтаобод туманидан кейин Ургутда суғориладиган жамоат қишлоқ хўжалик ерлари учун ундириладиган ер солиғининг базавий ставкаси энг юқори экан.

Айни пайтда Ургут туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерларнинг асосий қисми насос станциялари орқали суғорилишини ҳисобга олиб, ушбу масалани кўриб чиқиш керакка ўхшайди.

Ғолиб ҲАСАНОВ.