Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда ўзганинг номига 15,7 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштирган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳри Сергели туманида яшовчи (аёл) Н.С. ИИОга мурожаат қилиб, ўзининг номига номаълум сабабларга кўра, 15,7 миллион сўм онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Ургут туманида яшовчи 32 ёшли О.У. содир этгани аниқланган.

Маълум бўлишича, фуқаро О.У. жабрланувчи Н.С.га қўнғироқ қилган ва ўзини банк оператори сифатида таништириб, SMS-хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритгандан сўнг, Н.С.нинг номига онлайн кредит расмийлаштириб, ўша вақтнинг ўзида мазкур пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк пластик картасига ўтказиб олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, О.У.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, у 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиши мумкин.