Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда қад ростлаётган янги масжид қурилишига Наманган ва Қашқадарёдан келган усталар ҳам ҳисса қўшяпти

Уйимиз яқинида, шундоққина кўз ўнгимизда ажойиб мўъжиза юз бермоқда: туманимизда муҳташам янги масжид биноси қад ростламоқда.

2013 йилнинг февраль ойида Ургут тумани бош имом-хатиби Шоди Ҳақбердиев Абилҳожи Худойназаров билан суҳбатлашиб ўтириб, туманнинг бош – “Чўбин” масжиди бугунги кун талабларига жавоб бермай қолгани, намозхонлар кўплиги, айниқса, ҳайит ва жума намози кунлари жой етишмаётланлигини таъкидлаганди. Улар бошқа жойдан каттароқ масжид қуриш керакмикан, деган фикрга келишди. Сўнгра бу таклиф ургутлик фаоллар билан маслаҳатлашилди. Таклиф қўллаб-қувватланиб, тегишли идораларга мурожаат қилинди.

Шу тарзда туманда йирик масжид қуриш ҳаракати бошланди. Жорий йилнинг апрель ойида Мерганча маҳалласидан жой танланиб, масжид лойиҳасини тайёрлашга киришилди. Тажрибали меъмор Маматқул Холиқулов тайёрлаган лойиҳа маъқулланди ва август ойининг охирларида масжид пойдевори қуйилди.


Орадан 6 йил ўтди. Бугун масжиднинг улкан гумбази ва тўрт минораси узоқ-узоқлардан кўзга ташланиб туради.

– Тўрт миноранинг баландлиги 43 метр, гумбази эса 34 метр, – дейди масжид қурилиши иш бошқарувчиси Мурод Жўлиев. – Бу иншоотларни бунёд этиш учун мутахассислар жалб этилиб, белгиланган қурилиш-архитектура меъёрлари асосида иш кўрилди. Ҳар бир минора пойдеворига 200 кубометрдан бетон қоришмаси қуйилган. Минораларнинг бешинчи метридан кейин ғишт териш бошланди. Адҳамжон Умаров бошчилигида Наманган вилоятининг Косонсой туманидан келган гумбаз ясовчи усталар бу ерда мўъжиза яратмоқда. Уларга Зокиржон Худойбердиев бошлиқ моҳир пайвандчилар кўмаклашяпти.

Ҳозирда бино ичини безаш ишларида тошкентлик Низомиддин Абдураҳмонов етакчилигидаги ёш усталар меҳнат қилаётган бўлса, Фахриддин Алиев бошчилигидаги ургутлик усталар бино шифтини пардозлашмоқда.

Яқинда бир гуруҳ қашқадарёлик усталар ҳам ушбу бунёдкорлар сафига қўшилиб, бино деворининг ташқи қисмига гранит ва траветин плиталарини ўрнатмоқда.

Нафсиламбирини айтганда, асрлар оша халқимиз маънавиятининг асоси бўлган боқий қадриятларимизнинг яққол ифодаси бутун шукуҳи ва улуғворлиги билан кўз ўнгимизда қайта жонланмоқда.

Ҳусниддин ФАЙЁЗОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.