Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургутда «Виржиния» етиштириш йўлга қўйилди

Яқинда мамлакатимиз раҳбари томонидан 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, уни янги босқичга олиб чиқиш, соҳани ривожлантириш орқали экспортни йўлга қўйиш масалалари кўтарилди. Шунингдек, йиғилишда мутасаддиларга қишлоқ хўжалиги статистик бошқарувини ислоҳ қилиш, жумладан, экинларни жойлаштиришдан тортиб сотувгача бўлган жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди. Қуйида Ургут туманида ушбу тизимни кичик тармоқда жорий этишга эришилаётгани хусусида тўхталиб ўтмоқчимиз.

Айтиш керакки, Ургут тумани иқлими ва табиати туфайли турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга қулай ҳудуд ҳисобланади. Тамакичилик мазкур тумандаги ҳам қишлоқ хўжалиги, ҳам саноат ривожи учун муҳим йўналишлардан бири саналади.

Тамаки етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш мақсадида туманда ўтган йиллар давомида республика Қишлоқ хўжалиги иқтисоди илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан мониторинг таҳлили олиб борилди. Тамаки етиштирувчи фермерлар, қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари  ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Тўпланган натижаларга кўра туманда нафақат тамаки етиштириш, балки бошқа экинларнинг ҳам иқтисодий самарадорлиги юқори эканлиги аниқланди.

Тамаки етиштириш ҳамда ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш машаққатли жараён. Бошқа томондан у илмий ёндашув талаб қилинадиган соҳа бўлиб, мураккаб технологиялар ва технологик жараёнлар қўлланиладиган соҳа ҳамдир. Шу нуқтаи назардан олиб қаралса, тамакичилик ўзининг барча мусбат ва манфий томонлари билан тумандаги соҳа модернизацияси, юқори малакали кадрлар шаклланишида локомотив ва инновацион соҳа саналади.

Тамаки дунёнинг 124 давлатида етиштирилади. Ургутда тамаки ўтган юз йилликда ҳам етиштирилган бўлиб, унинг майдони 10 минг гектарни ташкил қилган.

Бугунги кунда туманда тамаки майдонлари  ўтган асрнинг 90-йилларига қараганда 9 мартага камайган. Тадқиқотлар кўрсатишича, айни пайтда мазкур соҳада 4,5-5 минг киши банд бўлса, мавсумий ишчилар сони 2-2,5 минг кишини ташкил қилади, шунингдек, уни қайта ишлаш, логистика соҳасида 2-3 киши бевосита тамаки билан боғлиқ ишларни амалга оширади. Ушбу соҳада банд кишилар сони ўртача 8-10 минг киши бўлиб, бу қишлоқ хўжалигида банд аҳолининг 10-12,5 фоизини ташкил қилади. Туманда айни пайтда 632 нафар фермерлар тамаки етиштириш билан шуғулланади.

- Мавжуд 46 гектар ернинг 12 гектарига тамаки экамиз, - дейди  тумандаги «Алишер олтин замини» фермер хўжалиги раҳбари Аҳад Қаюмов. – Шунингдек, узум, ғалла, сабзавот етиштирамиз, тут кўчати майдонларимиз ҳам бор. 65 нафар доимий ишчиларимиз бўлиб, уларга меҳнат дафтарчалари очилган, иш ҳақи ёзилади. Туманда азалдан тамаки экиш тажрибаси йўлга қўйилган бўлиб, биз ҳам ушбу ўсимликни экишни йўлга қўйганмиз. Бу борада узоқ йиллик тажрибага эгалигимиз  туфайли кейинги йиллардаги ўзгаришлар жараёни билан бевосита танишмиз. Бир пайтлар тамаки етиштиришда қўл меҳнати кўп қўлланиларди, ҳозирда унинг ўрнини технология эгалламоқда. Туманнинг ўзида жойлашган «Бритиш Американ Тобакко – Ўзбекистон» қўшма корхонаси мутахассислари томонидан тамакининг ривожи доим кузатиб борилади, зарур тавсиялар берилади. Тамаки етиштириш билан шуғулланадиган фермер хўжаликларига бир нафар агроном бириктирилган. Агроном бизга нафақат тамаки етиштириш, балки бошқа экинларда пайдо бўладиган касалликлар, уларнинг олдини олиш юзасидан тавсияларини бериб боради.  «ЎзБАТ» мутахассислари ўзи ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг хом ашёси ҳисобланган тамаки ривожи, унинг янги турларини жорий этиш учун тинимсиз изланиш олиб боради. Дейлик, бундан бир неча йил аввал Ўзбекистонда унинг «Виржиния» навини ўстиришнинг имкони йўқ, деб ҳисобланиларди. Аммо олимлар ва катта инвестицияни жалб қилган ҳолда ташкилот томонидан ушбу навни туманимизда ҳам экиб, етиштириш мумкинлиги исботланди. Бу жуда катта янгилик бўлди. Ўзи ишлаётган фермерларнинг муаммоларига бефарқ эмаслиги, аксинча, уларни қўллаб-қувватлаши, табиийки, яхши ишлайдиган фермерлар, ишчиларни рағбатлантириб бориши туфайли ушбу экинни экиб бориш биз учун фойдали. Бир йилнинг ўзида ушбу экиндан ўртача 60 миллион сўм даромад оламиз. Режаларни ўз вақтида бажарганимиз, ишни тўғри ташкил қилганимиз туфайли корхона томонидан артезиан қудуқ таъмирлаб берилди. Шу ҳудудда яшовчи бир нечта оила хўжаликда ишлаб, рўзғорини юритиб, қўшимча даромад оляпти. Биз бошқа қўшма корхоналар билан ҳам мева, сабзавот етказиб беришда ҳамкорлик қиламиз. Аммо улардан экинни экилишидан бошлаб, уни йиғиб олгунга қадар бу каби эътибор ва ўзи олаётган маҳсулотга нисбатан талабчанлик, фермер хўжаликларига нисбатан доимий ҳамкорликни таъминлайдиган ижобий муносабатни кўрмадик. Шунинг учун ҳам ушбу экинни экиш биз учун ҳар томонлама даромадли ва қулай.

Шунингдек, тадқиқотчилар томонидан бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда тамаки ўсимлигини етиштиришда фермерларга яратилаётган қулайликлар таҳлили ҳам амалга оширилган. Ушбу натижаларга кўра, туманда сабзавот экини билан шуғулланадиган фермерларга бўнак сифатида 40 фоиз маблағ ажратилаётгани аниқланган бўлса, тамаки етиштирувчи фермерлар учун бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил қилган.

Таҳлил натижаларининг кўрсатишича, Ургут туманида ўтган 100 йил давомида тамаки етиштириш бўйича етарлича тажриба тўпланган, нафақат уни ўстириш, балки қайта ишлаш бўйича ҳам занжирсимон шаклдаги механизм ишлаб турибди.

Шунингдек, сўровлар натижаларига кўра, соҳа мутахассислари тамакичилик учун куч сарфлаш муҳимлиги, бу тармоқ маҳаллий аҳоли учун даромад манбаи эканлиги аниқланди.

Г.КОМИЛОВА.

Реклама ҳуқуқи асосида.