«Устимдан ёзмаганида, ишини битириб берардим»

Ёхуд пробация ҳисобидаги ёшларнинг тақдири нима бўляпти?

...Хонага кириб келган пробация ҳисобида турувчи 27 ёшли У.Б. ноҳақ айбланганини таъкидлади. Айтишича, у шунчаки вазият қурбони бўлган.

- Ярим тунда дўстим қўнғироқ қилиб, икки бош қорамолини сотмоқчи эканлигини, бозорга олиб чиқишга ёрдам беришимни сўради, - дейди У.Б. - У асли бошқа вилоятдан. Жомбойда ижарада туриб, ишлайди. Хуллас, ёрдам беришга рози бўлдим. У мени катта йўл ёқасида, моллар ортилган юк машинасида кутиб ўтирган экан. Бозорга кетаётганимизда ички ишлар ходимлари ушлади. Моллар ўғирланган бўлиб чиқди. Биринчи маротаба судланишим. Онам оламдан ўтган, дадам хаста. Оилада катта фарзандман, икки укамни боқишим керак.

Рақамлар қониқарли, аммо...

Жорий йилнинг февраль ойи якуни бўйича вилоятимизда пробация ҳисобида турган фуқаролар 8617 нафарни ташкил этмоқда. Шундан 2286 нафари ахлоқ тузатиш ишлари, 1806 нафари озодликни чеклаш, 901 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 2 нафари мажбурий жамоат ишлари жазосини ўтаётганлар бўлса, 94 нафари шартли синов муддати таъсир чораси белгиланганлар. Ачинарли томони, уларнинг 2190 нафари ёшлар ва 45 нафари вояга етмаганлардир.

Маълумотга кўра, ўтган йили вилоятимизда пробация ҳисобида турганлар ўртасида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 2022 йилдаги 54 тадан 45 тага тушган. Пробация ҳисобида турувчилар томонидан қайта жиноят содир этиш кўрсаткичи эса 8 фоизга камайган. Аммо Самарқанд шаҳри, Паст Дарғом, Каттақўрғон, Жомбой ҳамда Пахтачи туманларида вазият яхши эмас. Мазкур ҳудудларда айрим кўрсаткичлар ортиб бормоқда. Биз бунинг сабабини аниқлаш, мазкур ҳудудларда пробация ҳисобида турган ёшларнинг тақдирини билиш мақсадида Жомбой тумани мисолида ўрганиш ишларини олиб бордик.

Аксарият ҳолларда муаммоли ҳудудда иш олиб бораётган масъуллар асл ҳолатни яширишга уринади. Сохта рақамлар, саҳналаштирилган иш жараёни, ортиқча мулозаматдан буни фарқлаб олиш қийин эмас. Бироқ Жомбойда бундай бўлмади. Биз иш кунини пробация хизмати ходимлари билан бирга ўтказиб, уларнинг кунлик вазифалари ижросини кузатиш, борадиган манзиллари, суҳбатлашадиган инсонларини кўриш имкониятига эга бўлдик. Пробация ҳисобида турган ёшлар билан бевосита суҳбат қилиб, уларнинг кайфияти, қарашлари, режаларини аниқлашга ҳаракат қилдик.

Инспекторни алдаш осон эмас

Мавзуни туман ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспектори, майор Артур Муқумовнинг хонасида кечган суҳбат тафсилотлари билан давом эттирсак.

У.Б.нинг ҳикояси бир қарашда жуда таъсирли. Айбсиз, шароити оғир экан, деб ўйлашингиз мумкин. Бироқ суҳбат давомида бизда қатор саволлар туғилди. Мисол учун, жиноятга қўл урган дўсти бошқа вилоятдан бўлиб, ижарада турса, икки бош қорамолни қаерда боққан ёки У.Б. шериги катта йўл ёқасида, моллар ортилган тайёр машинада кутиб турганидан шубҳаланмаганми? Бу ноаниқликлар хонага Артур Муқумов кириб келиб, савол-жавобни ўз назоратига олганидан кейин аниқлашди.

- Нега бир неча кундан бери алоқага чиқмадинг, сени топа олмадик? - дея жиддий оҳангда суҳбатни бошлади инспектор.

- Пул керак эди, телефонимни гаровга қўйиб, қарз олдим. Ташвишлар билан юргандим.

- Моддий ёрдам берилди-ку, ишга жойлашиш учун йўлланма ҳам олдинг. Нега ҳалигача иш берувчи билан учрашмадинг?

- Мен яхшироқ жойни топдим. Унда ойликдан ташқари, кунлик тушуми ҳам бор.

Тушунишингиз учун пробация ҳисобидаги фуқаролар белгиланган вақтларда инспекторлар билан учрашиб, профилактик суҳбатдан ўтиши керак. Қолаверса, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида камбағалликни қисқартириш ва бандлик идораси томонидан ишга жойлашиш учун йўлланма берилади. Инспекторлар назоратидаги шахснинг ишга келиб-кетаётгани, меҳнатга муносабатидан хабардор бўлиб туриши керак экан. Бизнинг «қаҳрамон» эса на суҳбатга келган ва на ишга жойлашган. Жараёнда аниқ бўлдики, у бундан олдин ҳам ўғрилик жинояти билан судланган. Қизиқ томони, биринчи бор озодликка чиқиб, пробация ҳисобида турган вақти ҳам ўша ўзи айтаётган «соққали» жойга ишга жойлашганлиги ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб, яна эски ҳунарига қайтган. Қизиқ, у нега бизни алдашга уринди?

— Туманимизда 398 нафар фуқаро пробация ҳисобида туради, - дейди А.Муқумов. – Шундан 71 нафари ёшлар. Улардан 10 нафарининг хулқи ўта оғир. Бундай ёшлар назоратига қаттиқроқ турмасак бўлмайди. Бошқа ҳолатларда назоратни шахснинг ижтимоий-психологик портретига қараб ташкил этамиз. Мисол учун, эҳтиётсизлик оқибатида йўл-транспорт ҳодисасини содир этганлар бор. Улар жиноятни атай содир этмаган, криминоген оламдан йироқ. Уларга ўзи танлаган ишончли иш жойига жойлашиш учун рухсат берамиз. Ойда бир-икки бор назорат тартибида уйига ёки иш жойига бориб, суҳбат қилишимиз мумкин. Аммо жиноятга қайта-қайта қўл ураётганлар масаласи бошқача. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, улар назоратдан қутулиш учун ёлғон воқеаларни тўқишдан ҳам тап тортмайди. Бундай кимсалар билан ишлаш учун сабр ва катта тажриба зарур.

У.Б.дан тушунтириш хати олиниб, белгиланган муддатда йўлланмада кўрсатилган иш жойига жойлашиш бўйича тушунтириш берилди. Агар у яна «йўқолиб» қолса ёки берилган муҳлат ичида ишга жойлашмаса, унга белгиланган 1 йилу 9 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси суд тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига қайтарилиши бўйича огоҳлантирилди.

Тартибни бузса, жазо чораси оғирроғига қайтарилади

Кузатиб, амин бўлдикки, суҳбатга келиб-кетаётган кишиларнинг асосий қисми фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган. Ва уларнинг баъзилари ҳалигача одамларни ёки давлатни алдаш айб эканлигини тушуниб етмаган.

28 ёшида фирибгарлик билан қўлга тушиб, шартли равишда озодликка чиққан ва яна шу жиноят билан қамалиб, бугунги кунда ахлоқ тузатиш тартибида жазони ўтаётган фуқаро билан суҳбатимиздан:

- Бир марта шу жиноят билан қўлга тушган экансиз, нега яна фирибгарлик қилдингиз?

- Бу гал келишувда муаммо йўқ эди. Агар пул берган одам сабрсизлик қилиб, устимдан ёзмаганида, ишини битириб берардим. Кутишни истамади, шунга яна қамалиб қолдим.

Англаяпсизми, у айбни ўзида эмас, балки уни ноқонуний ҳаракатлари натижасини кутмаган фуқарода деб биляпти. Ҳозир у 35 ёшда. Хўш, унинг дунёқарашини ўзгартириб бўладими? Ёшликда олинмаган тарбияни пробация инспектори қандай беради? Улар фақат назорат қилиши, тартибга чақириши мумкиндир. Жазо муддати тугаганидан кейин инспекторларнинг мажбурияти ҳам тугайди. У яна шу ишга қўл урмайди, деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Жиноят ишлари бўйича туман судига чақирув бўлди. Биз ҳам инспекторга эргашдик. У ерда пробация ҳисобида турган, бироқ ўзини тутиш қоидаларига риоя этмаган фуқаронинг ишини судда кўриб чиқиб, олдинги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо турига қайтариш масаласи турган экан. Аммо фуқаро бу ерда ҳам тартибга бўйсунмаяпти. Тўполон қилиб, атрофдагиларга ва ўзига шикаст етказишга ҳаракат қиляпти.

А.Муқумовнинг изоҳ беришича, фуқаро озодликка чиққанидан кейин бир-икки ой ўзини яхши тутган. Бу вақт ичида унга моддий ёрдам ва ишга жойлашиши учун имкон берилган. Лекин у ичкиликка берилиб, уйида жанжал чиқарган. Иш унинг пичоқ кўтариб, хотинини қувлашигача борган. Энди унинг масаласи аниқ, суд биринчи жазо чорасини қайтаради. 2023 йилда вилоятда жиноят содир этишга мойил, тузалиш йўлига ўтмаган 103 нафар шундай шахснинг жазоси охирги чора сифатида оғирига алмаштирилган.

Сайёр судда...

Албатта, шу куни бизга дуч келган шахслар пробация назоратида туриб, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ўтаб келаётганларнинг камчилигини ташкил этади. Берилган имкониятлардан тўғри фойдаланган ва энг муҳими, хатоларидан тегишли хулоса чиқарганлар жазо муддати тугамай туриб, муддатидан илгари шартли равишда озод этилмоқда. Ўтган йили вилоятимиздан 3528 нафар шахс шу тартибда жазодан озод қилинган.

Тумандалигимизда Алишер Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғинида шу масалада сайёр суд бўлиб ўтаётгани айтилди. Унда иштирок этиб, намунали хулқи учун озодликка чиққан ёшлар билан суҳбатлашдик.

- Безорилик қилганим учун жазоланганман, - дейди иши судда кўрилиб, 11 ой жазо муддати «кесил»ган ёшлардан бири. – Пробация ҳисобидалигимда ошхонада ошпаз бўлиб ишладим. Хатоимдан хулоса чиқаришим учун етарлича вақт берилди, деб ўйлайман. Энди қонуний асосда четга чиқишим мумкин.

- Пробация ҳисобидаги шахснинг ижтимоий мослашувини баҳолашда меҳнатга ҳалол муносабатига алоҳида эътибор қаратилади, - дейди туман ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи инспектори, майор Зоҳид Ҳайдаров. – Шу боис назоратдаги фуқароларнинг ишга жойлашишига алоҳида эътибор берамиз. Ҳокимлик уларнинг бизнес ғояларини ҳам қўллаб-қувватлайди. Агар улар жазони ўташ вақтида виждонан ва ҳалол меҳнат қилиб, ўзини муносиб тутган бўлса, тузалиш йўлига кирган, деган хулоса берилади. Акси бўлса, у билан ишлашга ҳамкор ташкилот мутахассислари жалб қилинади. Айтиш жоизки, пробация назоратидан чиқарилди, дегани фуқаро назоратсиз бўлади, дегани эмас. Улар билан ҳам яқин бир-икки йил ичида алоқада бўлишга, муаммо юзага келса, ижобий ҳал қилишга ёрдам берамиз.

Тизим ислоҳотга муҳтож

Туманга келганимизда эътиборимизни тортган биринчи жиҳат пробация хизмати ходимларининг камлиги бўлди. Бор-йўғи 3 нафар инспектор ва бир нафар техник ходим. Техник ходим компьютер ва камера билан ишлаши мумкин, қолган 3 нафар инспектор назоратдаги 398 нафар фуқаронинг қайси бири билан учрашишга ёки уйига бориб, назорат тадбирини ўтказишга улгуради?

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги «Ички ишлар органлари пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида пробация бўлинмаларига мутахассис-психологларни жалб этиш тизимини йўлга қўйиш белгиланган эди. Аммо биз идорада психологларни кўрмадик. Тўғри, пробация ходимлари профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ишлаши мумкин. Бироқ профилактика инспекторларининг ҳам юмуши ўзига етарли. Уларнинг юкламасини ошириш иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Пробация соҳасида қоғозбозлик ҳаддан ортиқ кўпдек таассурот  пайдо бўлди бизда. Турли график ва ҳисоботлар тайёрлаш иш куни тиғиз инспекторлар учун қўшимча юк бўлаётгандек. Уларнинг ўзи ҳам бу муаммони тан олди. Савол туғилади, аслида бу хизмат илғор хориж тажрибаларидан келиб чиқиб жорий қилинмаганмиди? Агар шундай бўлса, унинг фаолиятини ҳам замон талабларига мос тарзда ташкил этиш зарур. Улар жазони ижро этиш муассасасидан келган фуқаро билан ишлаш учун унинг «дело»си етиб келишини кутиб ўтирмаслиги керак. Фуқародан шахсий ҳужжатлари нусхаси, фотосуратини талаб қилиш ҳам ўтган даврнинг иши. Аксинча, инспекторларга назоратга қўйиладиган шахснинг ижтимоий-психологик портретини у келмасидан олдин ўрганиб чиқиш учун имконият яратиш лозим. Хуллас, тизим ислоҳотларга муҳтож. Ва буни кечиктириш оғир оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Асқар Баротов.