Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Устоз” санаторияси атрофидаги хавотирлар: Ўқитувчиларнинг ягона сиҳатгоҳи нега муаммолар гирдобида?

Мазкур санатория атрофидаги гап-сўзлар аслида бугун бошланган эмас, мана, бир йил бўляптики сиҳатгоҳ атрофида “қора булутлар” кезмоқда.

Таҳририятга ҳам мазкур сиҳатгоҳ юзасидан бир қатор мурожаатлар келиб турибди. Жумладан, Паст Дарғом туманида яшовчи фахрий ўқитувчи Эгамберди Имомовнинг сиҳатгоҳни сақлаб қолиш борасидаги мурожаатидан сўнг ҳолатни жойида ўрганишга қарор қилдик.

Ўрганиш жараёнида билдикки, энг асосий муаммо шундаки, санаторий ва унга йўлланма тўловлари тобора қисқариб бормоқда. Бу эса сиҳатгоҳнинг моддий имкониятларига таъсир қилиб, аста-секин бошқа, замонавий сиҳатгоҳлардаги шароитлар билан солиштириб бўлмайдиган ҳолатга келтирмоқда.

“Устоз”нинг айни вақтдаги раҳбари Ҳ.Қаршиевга кўра, шу кеча-кундузда вилоятдаги барча туман "Маърифарпарварлар" жамияти бўлимларининг санаторийдан қарзи бир неча юз миллион сўмни ташкил этади. Айрим туманларда бу кўрсаткич 100 миллион сўм бўлса, айрим туман ХТБларнинг қарзи 300 миллион сўмга ҳам етади. Ҳозир сиҳатгоҳ жамоаси бор имкониятдан келиб чиқиб ўқитувчиларга шароит яратишга ҳаракат қилиб келмоқда. Иш тўхтаб қолган эмас. Аммо қарздорлик шу тарзда давом этар экан, замонавий ускуналар харид қилиш, сиҳатгоҳ моддий-техник базасини янгилаш каби масалалар орқага сурилиб қолаверади. Йўлланмалар юки эса ўқитувчилар зиммасига ошиб бораверади.

Қарзлар салмоғи эса кун сайин ошиб бормоқда ва энг ёмони, ҳали-бери бу ҳолат тўхташи даргумон. Даргумон эканининг сабабига кейинроқ тўхталамиз.

Аслида бу сиҳатгоҳ Оқдарёнинг энг баҳаво жойида эзгу ниятлар билан ташкил этилган. 2012 йилда ўша вақтдаги вилоят ҳокими буйруғи билан мазкур сиҳатгоҳ халқ таълими тасарруфига ўтказилиб, ўқитувчилар дам олиши учун ҳуқуқий асос яратилган. Таъкидлаш лозимки, мамлакатда ўқитувчилар учун ташкил этилган ягона сиҳатгоҳ мана шу — “Устоз” ҳисобланади.

Ўқитувчиларнинг дам олишлари учун йўлланма пулининг 60 фоизи ХТБ қошидаги “Маърифатпарварлар” жамияти ҳисобидан қоплаб берилиши кўзда тутилган. Анча йиллар давомида худди шу тарзда ўқитувчилар бу ерда дам олиб келишди. 

Ҳозир ҳам бу ҳудудда дам олиш учун талаб юқори. Ўқитувчилар санаторияда дам олишни исташади. Аммо шунга қарамай сиҳатгоҳ раҳбариятига кўра, 170 ўрин ҳамиша ҳам тўлавермайди. Чунки, биринчидан, эндиликда “Маърифатпарварлар” жамияти борган сари йўлланмалардан қарзга ботмоқда. Қарз кўпаявергач, ўқитувчининг йўлланма олиш имконияти ҳам осон бўлмайди. Иккинчидан, эндиликда ўша йўлланмани ҳам 60 фоизи эмас, 40 фоизи жамият ҳисобига ёзилмоқда. Яъни, айни вақтда 1,5 миллион сўм турган йўлланманинг 900 минг сўми ўқитувчи, 600 минг сўми “Маърифатпарварлар” жамияти ҳисобидан амалга оширилмоқда. Аслида қоида бўйича бунинг акси бўлиши керак эди. Хуллас, ҳар томонлама юк ўқитувчи зиммасига тушмоқда. Масаланинг яна бир томони шуки, аслида бугунги кунда ўқитувчиларнинг ягона сиҳатгоҳи бўлган “Устоз”нинг 170 ўринли қуввати жуда-жуда кам.

Тасаввур қилинг, вилоятда халқ таълими тизимининг ўзида тахминан 55 минг нафар ўқитувчи бор. Улар фақат ёз ойида дам олиш имконига эга ва сиҳатгоҳ ҳар навбатда 170 нафардан дам олувчи қабул қилиши мумкин. Ёз давомида ўқитувчиларнинг неча фоизи даволана олади шунда? Аммо сиҳатгоҳда қувватни ошириш учун ҳам маблағ керак. Маблағ масаласини юқорида айтдик. Тўғри, ўқитувчиларни ҳеч ким бошқа турли замонавий сиҳатгоҳларга боришдан тўсмайди. Аммо у ҳолда йўлланма пули масаласи яна олдинга чиқиб қолади.  

Хўш, нима учун сиҳатгоҳда бу муаммо пайдо бўлиб қолди? Нега шунча йиллар давомида “Маърифатпарварлар” жамияти томонидан ҳеч қандай тўсқинликсиз йўлланмалар пули тўлаб берилгани ҳолда энди бу имконсиз бўлиб қолди?

Бунга аниқлик киритиш учун вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида бўлдик. Бошқармада жамият учун ажратилган хонанинг ўзи ишламайди. Бошқарма биносида бирор ўқитувчини қабул қиладиган “Маърифатпарварлар”  жамияти вакилининг ўзи йўқ, хоналар ёпиқ.

Бошқарма бошлиғи Шокир Султоновга айни вақтда “Маърифатпарварлар” жамияти ишлаяптими, нега санаторий бугунги ҳолатга тушиб қолди, муаммога ечим нима, қандай чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти, қандай таклифлар киритилган деган саволлар билан мурожаат қилдик. 

-  “Маърифатпарварлар” жамияти бир жойда ишлаяпти, бир жойда йўқ. Халқ таълими вазирлиги томонидан келган ишчи гуруҳ жамият томонидан бадал йиғишда мажбурий ҳолатлар бўляпти деган хулоса берилгач, тўхтатилди. Жамият жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиб, ойлик маошлар ҳам берилган эмас. Республика “Маърифатпарварлар” жамияти вилоятни четлаб, жамият бўлимларини тўғридан-тўғри республикага ўтказиш масаласини қўйган. Ҳатто айрим бўлимларнинг ҳисоб-рақамларини ёпиб, хизмат машиналарини олиб қўйиб, фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам бўлган. Биз вазиятни тартибга солиш учун ҳатто судлашишгача бордик. Жараёнлар ҳозир ҳам давом этяпти.

Аслида ҳақиқатан ҳам санаторий ўқитувчилар учун қилинган. “Маърифатпарварлар” жамияти ўқитувчиларнинг 1 фоизлик аъзолик бадаллари ҳисобидан фаолият юритиб, йўлланмаларни тўлаб келган. Энди ҳолат шундайки, ана шу бадал мажбурий бўлиб қолмасин дейиляпти. Биз ҳам шунинг тарафдоримиз, розилик билан амалга ошиши керак. Шу сабабдан ҳам айрим туманлар ишлаяпти, айримлари йўқ, – дейди Шокир Султонов.

Бу суҳбатдан англашиладики, нафақати сиҳатгоҳ, балки “Маърифатпарварлар” жамияти фаолияти тақдири ҳам аллақачон савол остига тушиб қолган. Айтиш лозимки, биз ҳам ҳар қандай ташкилотнинг мажбурий бадал ҳисобига фаолият юритишига қаршимиз. Тарғибот, тушунтириш орқали фақат рози бўлган шахслар “Маърифатпарварлар” жамиятига аъзо бўлсин, имкониятлардан фойдалансин.

Аммо муаммони ўргангач, бир қатор янги саволлар юзага келмоқда. Бошқарма бошлиғи фикридан келиб чиқсак, республика “Маърифатпарварлар” жамияти туман бўлимлари бўйсунувини қўлга олиб муаммога ечим топмоқчи. Хўп, шунда мажбурий бадал тўхтатиладими? Санатория ва жамият фаолияти "гуллаб" кетадими? Агар бунинг йўли бор экан, нега вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан биргаликда муаммога барҳам берилмаяпти? Нега бир йилдан бери сиҳатгоҳ муаммоларга ўралашиб қолмоқда?

Энг ачинарли ҳолат шуки, “Маърифатпарварлар” жамиятининг “кимга қарашли” экани атрофидаги баҳслар юки ўқитувчилар зиммасига тушмоқда. Уларнинг севимли маскани юқоридаги ҳолатга тушиб ўтирибди.

Муаммо бўйича ўрганиладиган ишлар кўп. Биз ҳолат юзасидан мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан бир қатор маълумотларни, хусусан, Республика “Маърифатпарварлар” жамияти қўйган талабларнинг ёзма нусхалари билан танишиш истагини билдирдик. Аммо ваъда берилганига қарамасдан маълумотлар таҳририятга бугунга қадар тақдим этилмади. Демак, “Устоз” санаторияси атрофидаги ҳолатни кузатишда давом этамиз ва масалага яна қайтамиз.

Абдуғофур Шерхолов,

Анвар Мустафоқулов,

“Зарафшон” мухбирлари.

Таҳририятдан: Ҳар қандай соҳанинг шу соҳа ходимларини қўллаб-қувватлайдиган уюшмаси бор. Шифокорларнинг дейсизми, журналистлар, ҳуқуқшунослар... Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам ўз уюшмаси бор. Биз сиҳатгоҳ муаммосини-ку ёритдик, аммо кўрдингизки, ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланиб келаётган “Маърифатпарварлар” жамияти аҳволи ҳам ҳаминқадар бўлиб турибди. Фикримизча, бу жамиятни оёққа турғазиш, ўқитувчилар хизмати учун фаолиятини жонлантириш ҳам керак.