Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ухандан Ўзбекистонга олиб келинган 84 киши карантиндан чиқди. Уларда ҳам коронавирус аломатлари аниқланмади

Хитойдаги ватандошларимизни олиб келиш учун 4-6 февраль кунлари ташкил этилган учта чартер рейсларидан биттаси бевосита коронавирус инфекцияси ўчоғи бўлган Ухан шаҳридан ташкил этилган эди.

Ухан шаҳридан Тошкент халқаро аэропортига қўнган мазкур рейсда 84 нафар фуқаро, шу жумладан, 5 нафар Қозоғистон Республикаси фуқароси келишди. Шундан 61 нафари эркак, 20 нафари хотин-қизлар ва 3 нафари вояга етмаган болалардир.

Йўловчилар махсус автобусларда коронавируснинг Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, хавфсиз санитария-эпидемиологик ҳолатни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Тошкент шаҳридаги 6-клиник шифохонасига олиб бориб жойлаштирилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, бугун ушбу даволаш муассасасида жойлаштирилган 84 нафар фуқаро карантин муддати якунига етиши муносабати билан уйига кузатилди.

– Очиғи, Хитойнинг Ухан шаҳри коронавирус инфекциясининг ўчоғи бўлгани боис жудаям хавотирга тушган эдик. Шундай қалтис вазиятда давлатимиз томонидан ўз фуқароларига кўмак бергани бизни жудаям ғурурлантирди, – дейди тошкентлик Дониёр Убайдуллаев. – Биз жойлашган шифохонада тиббий текширув, яшаш ва бўш вақтимизни мазмунли ўтказиш учун барча шароит яратилган экан. Айниқса, тиббиёт ходимларининг 14 кун давомида фидойилик билан, кеча-ю кундуз фаолият юритишгани бизни ҳайратга солди. Ватанпарварлик ва ўз касбига содиқлик борасида жонкуяр шифокорлар ҳақиқий намуна бўла олишди. Беминнат кўмаги учун уларга катта раҳмат.

Мазкур шифохонада 110 та ўрин тайёрланган бўлиб, тиббий кузатув олиб бориш учун тегишли тиббий жиҳозлар ва зарур дори воситалари билан таъминланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан коронавирус инкубацияси даврини ҳисобга олган ҳолда Ухандан олиб келинган фуқароларимиз 14 кун давомида халқаро санитария-эпедимиология талаблари асосида қатъий карантин ҳолатида сақланди. Карантин даврининг боши ва охирида 84 нафар фуқаро икки марта коронавирус инфекцияси бор йўқлигини аниқлаш бўйича вирусологик лаборатория текширувларидан ўтказилди. Таҳлил натижалари бирор фуқарода ҳам коронавирус инфекцияси йўқлигини аниқлаб берди.

– Уханда оилавий яшардик. Турмуш ўртоғим университетда дарс беради. Коронавирус инфекциясини эшитганимизда аввалига шокка тушиб қолдик. Икки нафар фарзандларимиз билан уйдан чиқмасликка ҳаракат қилдик, – дейди фарғоналик Мадина Худойқулова. – Эътиборли жиҳати, элчихона ходимлари бизни йўқлаб, доимий равишда ҳол-аҳвол сўраб туришди. Кейин эвакуация қилишларини айтишганда, роса қувонганмиз. Чунки ҳамма давлатлар ҳам Хитойдан ўз фуқароларини олиб чиқиб кета олишмади. Ухан шаҳридаги эвакуация жараёнида биринчи бўлиб юртимиз шифокорлари бизни қарши олиб, тиббий кўрикдан ўтказишгач, анча хотиржам бўлдик. Карантин даврида ҳам шифокорларимиз бизга жуда яхши қарашди. Эндиликда кўтаринки кайфият билан ота-онамиз, яқинларимиз бағрига шошяпмиз.