Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уй-жойларни бошқаришда янгича тизим: Кўп қаватли уйларда яшовчилар бу хизматдан рози бўладими?

Президентимиз жорий йилнинг 26 апрель куни мамлакатимизда кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид ўтказилган тақдимотда, кўп қаватли уйларда яшовчи одамларни қийнаб келаётган қатор муаммоларга яна бир бор эътибор қаратиб, хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш бўйича мутасаддилар олдига вазифа қўйди. Давлатимиз раҳбарининг тавсияси билан кўп қаватли уй-жойларни бошқаришни хусусий бошқарув компанияларга бериш, давлат-шериклиги асосида бошқариш усулларига ўтишга қарор қилинди.

Бугунги кунда вилоятимиздаги 2067 та кўп қаватли уйларда 66 минг 894 та хонадон бор. Бу уйларнинг 1912 тасига ширкатлар, 47 тасига бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатади. 108 та уй-жойлар мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди.

- Вилоятимизда уй-жой мулкдорлари ширкатлари 179 та бўлиб, шундан молиявий аҳволи оғир бўлган 36 та уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўз фаолиятини тугатган, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов. - Уларга қарашли 532 та кўп квартирали уйларни босқичма-босқич янги тузилаётган 15 та бошқарув сервис ташкилотларига бериш кўзда тутилган. Қолгани ўрта ва оғир шароитда ишламоқда. Аниқланишича, тўловлар бўйича тарифларнинг норентабеллиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Кўп ширкатлар кадрлар етишмаганлиги сабабли ўз вазифасини бажара олмаяпти. Хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Мажбурий бадаллар йиғилмаслиги натижасида дебитор қарздорлик ошиб боряпти. Тўловларини ўз вақтида тўламаган мулкдорларга нисбатан таъсир чораларини кўриш тизими йўқ. Мулкдорлар билан ўзаро шартнома тузишда муаммолар пайдо бўляпти.

Бугунги кунда вилоят бўйича хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тижорат банклари олдида 92,9 миллиард сўм кредит қарздорлиги бор. Шундан 14,7 миллиард сўм муаммоли бўлса, 3,7 миллиарди муддати ўтган кредит ҳисобланади.

- Бу қарздорликлар олинган кредит маблағларини қайтаришга йиғиладиган мажбурий бадал тўловларининг етишмаслиги сабабли юзага келяпти, - дейди вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиев. – Натижада мулкдорлар мажбурий бадал тўловлари миқдорини оширишларига тўғри келмоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг норозиликларига сабаб бўлаётир. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида 49 та уйга хизмат кўрсатувчи “Қўрғон бино сервис” уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан 2 миллиард 549,1 миллион сўм кредит маблағлари олинган. Мазкур ширкатнинг бир ойлик мажбурий бадал режаси 13,2 миллион сўм, бироқ уларнинг бир ойлик харажатлари 42 миллион сўмни ташкил этади. Бу маблағ олинган кредитни ўз вақтида қайтаришга етмаётганлиги сабабли ширкат ўз мажбуриятини бажара олмаяпти.

Ана шу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳудудий бошқармалари ҳузурида кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этишга қарор қилинди. Жамғарма маблағларининг 35 фоизи республика бюджетидан, 35 фоиз маҳаллий бюджетдан ва қолган 30 фоизи мулкдорлар тўловидан шакллантирилади. Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув сервис ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир уйга алоҳида шахсий ҳисоб рақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш белгиланган.

Айни вақтда вилоят Ягона ҳисоб-китоб маркази томонидан мажбурий бадаллар тўловларини онлайн амалга ошириш учун ишлаб чиқилган “Обод-уй” дастурига вилоятдаги 169 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига қарашли 53 мингга яқин хонадон эгаларининг маълумотлар базаси тўпланган. Тўловлар барча тижорат банклари томонидан «Мунис» тизими орқали амалга ошириляпти. Дастурда ҳар бир хонадон эгаси учун шахсий ҳисоб рақам очилган. Ширкатлар «Paynet», «Click», «Pay me» компаниялари билан шартнома расмийлаштирилиб ушбу тизимга боғланмоқда.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб Самарқанд шаҳрида тажриба учун Қорасув массивида “Nur sharq tess” МЧЖ бошқарув сервис ташкилоти ташкил этилиб, 47 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатишни бошлади.

- Уйлар фойдаланишга топширилган вақтда уй-жой мулкдорлар ширкати ташкил этилган эди, - дейди “Nur sharq tess” МЧЖ иш юритувчиси Наврўз Эркинов. – Пайдо бўлган муаммоларни ширкат ўз кучи билан ҳал қила олмади. Бундан эса аҳоли норози бўла бошлади. Янги тузилган бошқарув сервис ташкилотида иш бошқача ташкил этилди. Ҳудудга хизмат қилиш учун 8 нафардан боғбон, сантехник ва фаррошлар, 2 нафар лифт хизматчиси, ҳар бешта уйга 1 нафардан қўриқчи ишга олинди. Шунингдек, иккитадан махсус автомашина ва юк ташишга мўлжалланган мотоцикллар, ўт кесувчи ускуналар сотиб олинди.

- Ўтган йил август ойида янги уйга кўчиб келганмиз, - дейди 80-уйда яшовчи Муҳаррам Бўронова. – Қўшниларнинг эҳтиётсизлиги туфайли уйимизни сув босди. Қайтадан таъмирлаб беришларини сўраб бир неча бор қурувчиларга ва ширкатдагиларга мурожаат қилдим, аммо фойдаси бўлмади. Янги сервис ташкилотига мурожаат қилгандим, шу бугун хизматчиларни юборишларини айтишди. Таъмирлаш учун қурилиш ашёлари ва жиҳозларни уйимизга олиб боришди. 

Янгича бошқарув тизимининг ширкатга нисбатан афзалликлари жуда кўп. Аввало, моддий-техник база таъминоти ошади. Аҳоли билан тузилган ўзаро шартнома асосида ўз ҳудудидаги уйларда барча коммунал хизматларни бажаради. Бу ўз ўрнида аҳолининг тўловларга бўлган масъулиятини ошириб, кўрсатилган хизматларнинг сифатини яхшилашга олиб келади. Шунингдек, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлашда давлат идораларига суяниб қолинмайди. Аҳолининг муаммоларини ҳал этишда вақт тежалади.

Дилмурод Тўхтаев.