Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"UzAuto Motors" экспорт бозорларида автомобилларни Chevrolet бренди остида сотишни бошламоқда

"UzAuto Motors" ва унинг алянс бўйича ҳамкори "General Motors" компанияси ўртасидаги ўзаро келишув ўзбек автомобилларини хорижда сотилишининг янги босқичлари бошланаётганини маълум қилди.

2020 йилнинг март ойидан бошлаб Россия, Қозоғистон ва Беларусда Chevrolet бренди остида тақдим этиладиган дастлабки моделлар “Spark”, “Nexia” ва “Cobalt” бўлади.

Chevrolet брендидан ташқи бозорларда фойдаланиш ҳуқуқи "UzAuto Motors" компаниясига автомобилларнинг юқори сифати жаҳон автосаноати етакчиларидан бири - "General Motors" компанияси томонидан белгиланган стандартларга тўлиқ жавоб берганлиги учун берилди.

Қабул қилинган қарор "UzAuto Motors"га Chevrolet жаҳон брендининг тўлиқ қувватидан Ўзбекистон Республикаси ички бозоридаги каби экспорт бозорларида ҳам самарали сотувни ошириш имконини яратади.

"UzAuto Motors" компанияси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Chevrolet моделларининг Россия, Қозоғистон ва Беларусда дистрибюциясини ўзи бошқаради. Дилерлик тармоғи мавжуд Дженерал Моторс Россия дилерлари, Ravon дилерларининг бир қисми ва Chevrolet ваколатли сервис марказлари асосида уларнинг географик жойлашуви ва Chevrolet бренди стандартларига мувофиқлик даражасини ҳисобга олган ҳолда яратилган.

Ягона бренд остида ишлаш Ўзбекистонда автомобиль саноатини янада ривожлантириш ва экспорт бозорларида сотишнинг янги имкониятларини очиб беради.

Шу билан бирга, Дженерал Моторс Россия ваколатли хизмат кўрсатиш марказлари 2015 йилнинг охирига қадар Россияда GM/Chevrolet дилерларидан автомобиль сотиб олган мижозларга ҳам хизмат кўрсатишни давом эттиради.

Шунингдек, Ravon автоуловларини харид қилган мижозлар учун ҳам "UzAuto Motors" ўзининг ваколатли сервисларида хизматларни давом эттиради.

UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқарилган Chevrolet “Spark”, “Nexia” ва “Cobalt” автомобилларини харид қилган мижозлар учун кафолатлар, шунингдек, барча хизмат ва UzAuto Motors компанияси томонидан ўзининг дилерлик тармоғи орқали тақдим этиладиган эҳтиёт қисмларни сотиб олиш имконияти сақланиб қолади.

GM сифатли консалтинг ва ишлаб чиқаришдаги UzAuto Motors фаолиятини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистондаги энг йирик автомобилсозлик компаниясининг, жумладан, ташқи бозорлардаги ривожланиш лойиҳаларини ҳам амалга оширишга ҳисса қўшмоқда. “Spark”, “Nexia” ва “Cobalt” моделларининг хорижда Chevrolet бренди остида сотуви бошланганилиги бундан далолат беради.

Россия ва МДҲ мамлакатларида Ravon бренди остида автомобиллар савдоси 2020 йилнинг ўрталарига келиб тўхтайди.