Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вадим Абрамов: “Асосий вазифам – “Динамо”ни ҳозирги турнир жадвалидаги жарликдан олиб чиқиш”

Хабарингиз бор, яқинда Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ устози Вадим Абрамов Самарқанд клубида иш бошлади.

Йил бошидан буён “Динамо” жамоаси қониқарсиз натижалар кўрсатаётгани сабабли учинчи марта янги бош мураббий тайинланди. Бугун Суперлиганинг 15 тури доирасида “Динамо”нинг “Сўғдиёна”га қарши ўйини олдидан клуб матбуот хизмати Вадим Абрамов билан бўлиб ўтган суҳбатни тақдим қилди.

- “Динамо” охирги турда мағлуб бўлгач, аввалги мураббий истеъфога чиқарилди ва жамоага ёрдам бериш учун мени таклиф қилишди. Келдим, кўришиб гаплашдик ва таклифни қабул қилдим. Асосий вазифам – жамоани ҳозирги турнир жадвалидаги жарликдан олиб чиқиш.

Чемпионатда 12 та тур қолди ва энди ҳар бир учрашув олтинга тенг бўлади. Дарҳол катта ўзгариш қилишнинг имкони бўлмайди, чунки мен кеча келдим ва бугун илк машғулотни ўтказиб, “Сўғдиёна”га қарши жамоани бошлаб тушаман. Умид қиламанки, йигитлар масъулиятни ҳис қилиб, майдонга тушишади.
Жамоа билан танишишга улгурдим. Таркибдаги аксарият ўйинчиларни аввалдан билардим.

Таркиб борасида ҳали аниқ фикр билдиришим қийин, ҳозир бунгача ишлаган ёрдамчи мураббийлар фикрига таянаман. Чунки ҳамма ўйинчиларни ҳали унча яхши билмайман. Номлар футбол ўйнамайди, ҳар бир баҳсга жиддий тайёргарлик кўриш керак.

Ўзбекистон миллий жамоасидан кейин ҳозирча аутсайдер бўлиб турган жамоага келган бўлсамда, футболдаги қарашим ўзгармайди. Қаерда ишласанг ҳам, қўл остингдаги бор масаллиқдан нимадир тайёрлашга интиласан. Мен ҳам қўл остимдаги бор таркибдаги ўйинчиларнинг кучли жиҳатларидан фойдаланишимга тўғри келади. Футболда бошқа нарсани ўйлаб топиш қийин.

“Сўғдиёна”га қарши ўйин қийин ўтишини тушуниб турибман. Чунки, Самарқанд ва Жиззах ўртасидаги ўйинлар дербига мос ўтишини биламан. Рақибдан қўрқмай майдонга тушиб, фақат ғалаба учун ўйнаш керак.

Жамоани олиб қолишга ишончим қай даражада? Олдинда 12та тур бор. Барча ўйинга майдонга тушиб, жанг қилишга тўғри келади. Ҳеч ким очкони шунчаки бериб қўймайди. Жамоанинг ҳозиргача энг кам гол ургани ва энг кўп гол ўтказиб юборгани мен учун жумбоқ бўлиб турибди. Шунга қарамай, клубни элитада олиб қолиш учун бор тажрибамни ишга соламан.

Фикримча, бу шаҳар ҳозиргидан кучлироқ ва жиддийроқ жамоага муносиб. Аммо негадир “Динамо” ҳар доим лигага чиққанида ҳам, тушиб кетмоқда. Аслида эса бу ердаги футбол атмосфераси, мухлислар кўпроғига лойиқ. Бу стадионда ўзим ҳам футбол ўйнаганман, жамоаларим тўп сурган, мухлислик қай даражада бўлиши ҳақида яхши тасаввурга эгаман. “Динамо” ғалаба қозониб турса, Самарқанддаги стадион мухлислар билан тўлишига шубҳам йўқ”, - дейди “Динамо” янги бош мураббийи Вадим Абрамов.