Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вақтдан барака кетгани рост!

Мактабда ўқиб юрган кезларимда уч ойлик ёзги таътил шунчалик аста ўтар эдики, гўё мактабда дарслар бошлангунча орадан уч аср ўтар эди. Уч ой ичида қанча-қанча ишни битирсак ҳам. Энг қийини эса дарс бошланишига яқин кунлар қолганида мактаб учун «форма» олгандан кейинги кунлар эди.Гўё тонг отмай, шом бўлмас эди...
Дарҳақиқат шундай эди. Менимча аввалари ҳам мактаб талабалари ўқишга кирган. «Документ» топширган. Қанча йўл босиб вилоят ёки пойтахтга келган. Лекин, ўша маҳаллар «срочно», «вақт тугади», «проблема», «мумкин эмас» ва ҳоказо гаплар бўлмаган бўлса керак.
Ҳозирда эса қанчалик техника тараққиёти ривожланган бўлса-да, ўша юқоридаги «термин»лар кишини афтода этмоқда. 
Ўша пайтлар ҳам ўқиган-ку. Ўша пайтлар ҳам ҳар қандай масала ўз ўрни билан ҳал бўлган-ку! Нега ҳозирда «ВАҚТ» етмаяпти???
Мисол: 
Авваллари бирор киши марака қилса маракага деярли тегишли одамнинг ҳаммаси келар эди. Ҳеч ким айтилмасдан қолиб кетмасди. Ўша пайтлар ҳам ҳамманинг иши бор эди. Ҳамма ишлар эди. Ҳеч ким ишим бор, вақтим етмайди демасди. Ҳатто ҳафталаб марака қилувчи кишига ҳар қандай ёрдамини аямас эди одамлар.
Ҳозирда бирор киши марака қилса, муайян бир вақт керак. «Икки соат вақт» ўша вақтда келган келади, келмаган келмайди. Чунки, ҳамманинг иши кўп, вақти кам. Чунки ишлаш керакда. Бўлмаса ҳамма очдан ўлиб қолиш эҳтимоли бор. Акаси тўй қилаётган бўлса, таксичи укаси шу орада пул топиб қолай деб бошқа шаҳарга одам олиб бориб келишга ҳам қодир. Чунки, пул топса фойда унга. Аканинг тўйи эл қатори ўтади, кетади...
Маракада қариндошлар бир-бирини ўпкалайди (ёзғиради), «Кўринмисан? Хабар олмайсан? Сен ҳам бормисан?...». Жавоб битта «Вақт йўқ!..»
У етмагандай яна неча киши айтилмасдан қолиб кетади. Ахир, телефон бор-ку, бир зумда ўн кишини телефон орқали айтса бўлмайдими? Бунга ҳам жавоб бор «Вақт етмади!..». Қаранг, авваллари ўша маракага бир ёки икки ёш болани тайин қиларди ҳаммага хабар қилиш учун. Улар эса икки, уч соатда бемалол ўйнаб, кулиб ўз ишларини бажариб келар эди...
Эҳ, ўша кезлар-а!.. Ҳамма фасл кутиб зиқ бўларди. Нега? Чунки вақт ўтмасди-да! «Қачон қиш келар экан-а? Ёки қачон баҳор келар экан-а?..» дея. Ҳозирчи, кеча қайси фаслда эканлигимизни унутиб қўямиз. Фасллар биз учун ҳафта сингари ўтиб бормоқда. 
«Меҳр-оқибат йўқолиб кетяпти...» деймиз. Тўғри, меҳр-оқибат биз вақт ажратаолмаганимиз учун йўқолиб кетяпти. Шунчалик шошилиб кетяпмизки ўзимиз ҳам билмаймиз қаёққа бунчалик шошилиб кетаётганимизни. Яна нима деймиз «Гапир, нима дейсан, вақтим йўқ! Ишим кўп!..»!
Тўппа- тўғри! Ҳамманинг иши кўп. Камчилик ҳақиқатдан ишламаса, жуда кўпчилик шунчаки вақтни сотиб ўтирибди!
Меҳр-оқибатнинг йўқолишига сабаб, мисол: мен тоғамдан бир йилда уч марта хабар оламан! Нима учун бунча кам? Сабаби тоғам билан ҳар уч кунда телефонда гаплашиб тураман. Уйларига бориб ҳол-аҳвол сўрашга нима ҳожат! Нима қиламан ўзимни сарсон қилиб? Яхши эмасми икки-уч минут телефонда гаплашиб ҳол-аҳвол сўрасаму қолган ишларимни қилсам. Шундай қилиш ҳаммага қулай-ку! Ҳа ҳаммага қулай! Аммо, мазкур меҳр-оқибатнинг йўқолиш сабаби ўша - ВАҚТ ажратиб йўқламаслик, дийдорлашмаслик, чиндан суҳбат қилиб ўтирмаслик, ҳар қандай пайтда ҳамдам ва ҳамдард бўлмаслик ва ҳоказо. Шулар сабаб меҳр-оқибат орадан кетиб бормоқда. Вақтдан барака кетишига ҳам шу каби нарсалар сабаб бўлмоқда!..

Ҳабиб Бахтиёр.

(Facebook ижтимоий тармоғидан олинди.)