Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят Кенгаши депутатлари академияда ўқияпти

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Олий Мажлис Сенати томонидан ташкил этилган махсус ўқув-семинарлари бўлиб ўтмоқда.

Семинарда халқ депутатлари Самарқанд шу билан бирга, Бухоро, Навоий ҳамда Жиззах вилояти Кенгашлари депутатлари иштирок этмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билимларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ўз фаолиятларини тўғри ташкил этиш, аҳоли билан самарали мулоқот олиб бориш борасидаги кўникмаларини шакллантиришга қаратилган семинар уч кун давом этади.

Мазкур давр мобайнида жойлардаги маҳаллий вакиллик органлари, уларнинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини самарали ташкил этиш, сайловчилар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш, қонунлар ижросини таъминлаш ва уларни тарғиб қилиш каби мавзуларда машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Жумладан, бугун бўлиб ўтган семинар Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар, уларни амалга оширишда вакиллик органларининг ўрнига бағишланди.

Таъкидланганидек, жойлардаги вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти ва бошқа янги механизмларнинг жорий этилиши аввало, маҳаллий Кенгаш ижро ҳокимиятидан мустақил ишлашига замин яратади. Маҳаллий Кенгаш ижро ҳокимиятидан холи ишлаганда ҳар бир депутатдан мавқеи, вазифалари, масъулияти нимадан иборат эканлиги бўйича қўшимча билим ва тажриба талаб этилади. Бугунги ўқув-семинари ҳам депутатларга бу борада таянч вазифасини ўтайди.

Ўқув-семинарлар доирасида Олий Мажлис Сенати раҳбарияти, қўмиталар раислари ва ўринбосарлари, Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан маъруза ва амалий машғулотлар ўтказилади. Иштирокчилар учун “Тайм менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш”, “Мулоқот самарадорлиги”, “Қарорлар қабул қилиш” мавзуларида махсус тренинглар ҳам ўтказиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Академиянинг Самарқанд филиалида 13-25 апрель кунлари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари учун ана шундай ўқувлар ўтказилади.