Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Кичик саноат зонасида шароит йўқ. Тадбиркордан маҳсулот талаб қилиш ўринлими?

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги қарори билан вилоятимизда 17 та кичик саноат зонаси ташкил этилган эди.

Ушбу қарорга кўра, вилоятдаги кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш ишларини бажаришга давлат бюджетидан маблағлар ажратилиши белгиланган. Бу маблағлар ҳисобидан ишлаб чиқариш майдонини узлуксиз электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, йўллар қуриш ишлари бажарилиши мўлжалланган. Бунинг учун бюджет маблағлари билан бир қаторда тегишли масъул ташкилотларнинг маблағлари ҳам жалб этилиши кўзда тутилганди. Хўш, ўтган вақт давомида вилоятимиздаги кичик саноат зоналарида қандай лойиҳалар жойлаштирилди, тадбиркорлар коммуникация тармоқлари билан таъминландими? 

- Ҳозир вилоятимизда 17 та кичик саноат зонаси бор ва улар бош режа асосида фаолият юритмоқда, - дейди вилоят иқтисодиёт ва саноат бошқармаси мутахассиси Рамзиддин Файзиев. – Кичик саноат зоналари учун жами 80 гектар ер майдони ажратилган ва унинг 42,7 гектари фойдали майдон ҳисобланади. Шу кунгача кичик саноат зоналари бўйича 671 миллиард 896,4 миллион сўмлик 104 та лойиҳа тасдиқланган бўлса, шундан 2019 йилда 196 миллиард сўмлик 54 та лойиҳа ишга туширилиб, 42,5 миллиард сўм, 2020 йил январь ойида 9,5 миллиард сўмлик 71 турдаги маҳсулот тайёрланди. Ишлаб чиқариш майдонларининг барчаси йўл ва ичимлик сув тармоғи билан таъминланган, 15 таси табиий газ тармоғига уланган, учтасида канализация мавжуд, иккита зонада трансформатор таъмирланиши режалаштирилган. Ҳозирда эса саноат зоналарининг 23,7 гектарига мос таклифлар ўрганилмоқда.

Мисол учун, Булунғур туманида собиқ “Килдон” акциядорлик жамиятининг бўш турган бино-иншоотлари ва фойдаланилмаётган 7,5 гектар ер майдони 1106 квадрат метр бино-иншоотлар негизида кичик саноат зонаси ташкил этилган. Туман ҳокимининг қарори асосида ҳудудга 1 та 250 кВтли трансформатор пункти қуриш ва 10 кВ кучланишли 1 километр электр тармоғи тортиш, ичимлик суви, автомобиль йўллари қуриш режалаштирилган. Лекин лойиҳада 250 кВтли трансформатор ўрнатилиши белгиланган бўлса-да, бу ерга 160 кВт трансформатор, 7 та таянч устунлари ўрнатилган ва саноат зонасига кириш қисмидаги 16 метр кириш йўли таъмирланган.

- Кичик саноат зонасида қиймати 4 миллион 570 минг доллар бўлган 8 та лойиҳа жойлаштирилди, - дейди туман иқтисодиёт ва саноат бўлими бошлиғи Аслиддин Пўлатов. – Ҳозиргача 2 та лойиҳага 123 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилди. Аммо кичик саноат зонасида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳаларининг йўқлиги боис зона ҳудудидаги 4,1 гектар ер майдони бўш қолмоқда.

Бу расмийларнинг маълумотлари эди. Хўш, аслида кичик саноат зонасидаги ҳолат қандай?

- Фақат лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун 20 миллион сўм маблағ сарфладик, - дейди “Шоҳжаҳон ЖСД” фермер хўжалиги иш юритувчиси Дилбар Жалилова. – Бизга шу ҳудуддан 0,50 гектар ер ажратилган ва бу ерда 300 тонналик музлаткичли омборхона қуриш учун хорижий кредит линияси орқали 83,5 минг доллар кредит олдик ва Хитойдан шу маблағ эвазига ускуна олиб келдик. Божхонада эса ускуналарнинг сақланган куни учун 1 килограмига кунига 7 минг сўмдан маблағ сарфладик. 200 миллион сўм ўз маблағимиз ҳисобидан бино қурдик. Омборхонамиз ўтган йили декабрь ойида тайёр бўлгани учун ҳали маҳсулот сақлашни бошламадик. 2020 йилда эса узум қуритиш линиясини қурмоқчимиз. Аксарият лойиҳалар табиий газ билан боғлиқ бўлса-да, бу ерда газ йўқ, сув масаласи ҳам анча қийин, электрда ҳам тез-тез узилиш кузатилади. Шундай бўлгач, қайси тадбиркор таваккал қила олади.

“Даврон-1” масъулияти чекланган жамияти ҳам истиқболни кўзлаб саноат зонаси ҳудудидан 60 сотих майдонда ёғочни қайта ишлаш цехи ва 260 тонналик музлаткичли омборхона қуриш ишларини олиб борган. Бино қурилиши учун 400 миллион сўм ўз маблағи ва “Туронбанк” вилоят филиалининг 50 минг долларлик сармояси ҳисобидан 2019 йил октябрда омборхона ишга туширилган.

- Омборхонани ишга туширгач, шартнома асосида 40 тонна олмани қабул қилдик, аммо энди пушаймон бўляпмиз, - дейди жамият иш юритувчиси Даврон Пирманов. – Чунки бу ерда сув қийин, аҳоли тармоғига уланган электр линиясида гоҳида 2-3 соатлаб узилиш бўлади. Ҳозиргача сақлаш учун қабул қилган маҳсулотимизнинг 3-4 тоннаси чириб қолди. Энди мижозларга камомадни тўлаб беришимиз керак...

Тумандаги кичик саноат зонасида энг яхши лойиҳалардан бири “Колибри” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 гектар майдонда амалга оширилаётган резина шиналарни қайта ишлаш ва каучук резина плиткалар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳисобланади.

- Бу лойиҳани россиялик ҳамкорларнинг 280 минг долларлик сармояси ва ўз маблағимиз ҳисобидан амалга оширяпмиз, - дейди жамият раҳбари Расул Эсанбоев. – Ишлаб чиқарадиган маҳсулотимиз стадионлар, болалар майдончаси, югуриш йўлаклари, уйларнинг том қисмини ёпиш, йўлакларга тўшама сифатида ички бозорга ва экспортга мўлжалланган. Режага кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга тушириш белгиланган корхонанинг пойдеворини қуряпмиз ва бунинг учун қарийб 400 миллион сўм сарфладик. Коммуникация тармоқлари йўқ, аҳолининг линиясига уланган трансформатордан ўз маблағимиз билан 15 миллион сўм сарфлаб, 5 та таянч устун ўрнатдик ва электр тармоқ тортиб келдик. Ишлаб чиқариш учун етарли шароит йўқ жойга маблағ сарфлайвериш ҳар қандай таваккалчи тадбиркорни ҳам фикридан қайтариши турган гап. Режага кўра, 2023 йилгача шу ерда чиқиндини қайта ишлаш лойиҳасини ишга тушириб, жами 40 та иш ўрни яратмоқчи эдик. Аммо газ, электр ва бошқа тармоқларсиз буни қандай амалга ошириш мумкин?

Мана сизга Булунғур туманидаги кичик саноат зонасининг ҳақиқий ҳолати. Аслида фақат Булунғурда эмас, вилоятимизнинг аксарият туманларидаги кичик саноат зоналарида ҳам коммуникация билан боғлиқ камчиликлар бор ва бу тадбиркорларнинг ишлаб чиқаришни жадал ривожлантиришига тўсиқ бўлмоқда. Биз туманда бўлганимизда вилоят кичик саноат зоналари дирекцияси масъуллари ҳам шу ерда бўлиб, камчиликларни ўрганаётган экан. Ўйлаймизки, масъулларнинг саъй-ҳаракати билан ишлаб чиқариш майдонларидаги тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ўз ечимини топади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, 

“Зарафшон” мухбири.