Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқ таълими ходимлари Президент нутқини ўрганмоқда

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ходимлари иштирокида Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция ва қонун устуворлиги — ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир” мавзусидаги маърузасини ўрганишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб ходимларга Юртбошимизнинг маърузаси ўқиб эшиттирилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов, бошқарма бошлиғининг ўринбосари О.Жангиров ва бошқалар сўзга чиқиб, маъруза юзасидан ўз фикрларини билдиришди. Хусусан, унда барча соҳа вакиллари қатори, халқ таълими ходимларининг ҳам ўқувчи-ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституция, унга асосан қабул қилинган қонунларимиз мазмун-моҳиятини ўқитиш ва уқтиришда улкан вазифалар белгилаб берилганини таъкидлашди.

— Президентимиз маърузасида “Конституция ва қонун устуворлиги — фаровон ҳаёт гарови”, деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган. Бундай муҳим тушунчани биз, таълим тизими ходимлари, педагоглар, авваламбор, фарзандларимизга мактабгача таълим, умумтаълим муассасалариданоқ уқтириб, бу борадаги билимларини мустаҳкамлаб боришимиз лозим, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи С.Усмонов. — Бунинг учун айни пайтда ўқувчиларимизга пухта ҳуқуқий билим берадиган, қонунларнинг ҳаётимизда тутган ўрнини, уларнинг дунёқарашига сингдира оладиган малакали кадрларни соҳага кўпроқ жалб этишимиз керак.

Тадбирда Президентимизнинг ушбу маърузасини барча туман ва шаҳар бўлимлари, умумтаълим мактабларида кенг тарғиб қилиш, унда кўзда тутилган таълим тизимига оид муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича келишиб олинди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.