Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2441-моддаси 1-қисми (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан фуқаролар Б.Т., У.М. ва Ж.А.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур жиноят иши доирасида 2019 йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва ДХХ ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар натижасида юқорида қайд этилган шахсларнинг Сурия давлати ҳудудидаги халқаро террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келганликда гумон қилинган 8 нафар жиноий шериклари аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.

Ушбу шахсларнинг яшаш манзилларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилиб, жиноят ишига дахлдор бўлган ашёвий далиллар олинди. Олинган ашёвий далиллар юзасидан тегишли экспертизалар тайинланиб, ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги фуқароларни, айниқса ёшларни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликларини, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг minjust.uz расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ҳал қилув қарорига кўра, экстремистик ва террористик деб топилган ташкилотлар, саҳифалар, каналлар ва номлар рўйхати эълон қилиб борилаётганлигини маълум қилган.