Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Халқаро университет талабаларига иш борми?

Битирувчиларни иш билан таъминлаш ҳар бир ўқув муассасаси учун долзарб масала. Ушбу муаммони ҳал қилишда олий таълим муассасасининг иш берувчилар билан ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. “Ипак йўли” туризм халқаро университети талабаларнинг келажакда иш билан таъминланишини кўзлаган ҳолда ҳозирданоқ бутун дунёда тан олинган тизим – амалиёт-ўқишни жорий қилмоқда.

Бу ҳақда университетнинг ривожлантириш ва стратегик масалалар бўйича биринчи проректори Азамат Акбаров амалиёт бўйича ҳамкорликдаги ташкилотлар ва иш берувчилар билан бўлган учрашувда айтиб ўтди. Тадбирда меҳмонхона, ресторан, сайёҳлик фирмалари раҳбарлари ва университет ўқитувчилари қатнашди.

- Талабаларимиз келажакда қайси соҳада ишлаши мумкин, бизга қандай мутахассислар керак, деган саволларга ҳозирданоқ жавоб топишимиз лозим, - деди А.Акбаров. – Биз шу мақсадда иш берувчилар билан келишган ҳолда, уларнинг талаб ва таклифларидан келиб чиқиб, мутахассис кадрлар тайёрлашни йўлга қўямиз. Шундагина, талабалар эртага ишсиз қолмайди.

Ушбу ўқув йилидан бошлаб университетда қатъий равишда дуал таълим тизими жорий қилинади. Дуал таълим – профессионал ўқитиш тури бўлиб, унда амалиёт ишлаб чиқаришда, назария эса таълим даргоҳи базасида ўтказилади. Янги тизимга кўра, 1-, 2-босқич талабалари имтиҳонларнинг 30 фоизини ишлаб чиқариш амалиётларида олиш имконига эга бўлади. Учинчи босқичдан бошлаб бу кўрсаткич 50 фоизни ташкил этади.

Университет ўтган йили очилди. Бу ерда ўқитиш тизими бошқа олий таълим муассасаларидан бироз фарқ қилади. Масалан, талабаларга 80 дақиқа эмас, 50 дақиқа дарс ўтилади. Сентябрдан бошлаб бошқа фанлар олиб ташланган ва фақат асосий 5 та фан ўқитилмоқда.

Тадбирда иш берувчи ташкилот раҳбарлари ўз талаб ва таклифларини ўртага ташлади. Туризмни ривожлантириш борасида қандай кадрларга талаб кучли экани муҳокама қилинди. Университет раҳбарияти иш берувчилар билан ҳамкорликда ишлашга келишди. Ҳали бу борада режалар катта. Муҳими, талабалар жаҳон андазаларига жавоб бера оладиган, туризмни ривожлантирадиган мутахассис кадрлар бўлиб етишиши ва ўз иш жойларига эга бўлиши зарур.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.