Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Харид чеки олсак нима ютамиз, олмасак нима ютқазамиз?

Самарқанд вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов иштирокида ўтказилган брифингда шу саволга жавоб изланди.

Ҳар бир киши кунига ҳеч бўлмаганда бир маротаба дўкондан ёки бозордан нимадир харид қилади. Лекин бунинг учун чек олишни хаёлига келтирмайди. Бу бор гап. Ана шу оддий чекни олмаслик давлат бюджетига тушиши лозим бўлган маблағнинг «савдогар» ёки «тадбиркор»нинг чўнтагида қолишига сабаб бўлади. Чунки, мавжуд қонунчилигимизга кўра дўкондор ёки савдогар, умуман, корхона касса аппарати орқали кирим қилинган маблағидан тушум сифатида давлат бюджетига солиқ тўлайди.

- Бугунги кунда Самарқанд вилояти бўйича фуқароларга бир ойда ўртача 850 миллиард сўм миқдорида ойлик маош тарқатилади, лекин нақд пул орқали тушум унинг бешдан бир қисмини ҳам ташкил этмайди, - дейди Ж.Ўроқов. – Нега? Сабаби, айрим хўжалик юритувчи субъектлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар товар айланмаларини камайтириб кўрсатади, аҳолидан харид учун қабул қилган нақд пулларни назорат касса машиналари орқали ўтказмайди ва пулларни банк муассасаларига топширмайди. Чунки ундан харидор харид чеки талаб қилмаган.

Хўш, нима қилиш керак? Албатта, ҳар бир харидор сотувчидан харид чекини талаб қилиши керак.

Жавоб оддий. Аммо уни одамларнинг онгига сингдириш, кундалик одатига айлантириш осон кечмаяпти. Шунинг учун брифингда вилоятимизда ўтказилаётган «Харид чекини талаб қилиб олинг!» акциясини кенг миқёсда ўтказиш, унда фуқароларнинг фаол иштирок этишини тарғиб қилиш зарурлиги таъкидланди. Чунки бу акция бошланганидан буён ўтган 1,5 ой ичида ўз самарасини кўрсатди. Яъни, июнь ойигача вилоятимиз бўйича бир ойда бир кишига битта харид чеки олинган бўлса, июль ойининг 20-санаси ҳолатига 4 тадан тўғри келди. Демак, бу акциянинг тарғиб қилиш ўз самарасини беради.

Акрам Бўриев.