Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитой учун ғайриоддий ҳолат: COVIDга қарши намойишчилар Си Цзинпиннинг истеъфосини очиқ талаб қилишди

Хитойда кенг кўламли норозилик намойишлари жуда кам учрайди. Бу ерда норозилик оммавий ифодаси одатда тез бостирилади. Си Цзинпиндан бундай очиқ норозилик - ғайриоддий ҳолат, дейди кузатувчилар.

Кеча коронавирусга қарши чоралардан умидсизликка тушган Хитой халқи кўчаларга чиқди. Шанхайда Си Цзинпиннинг истеъфосини талаб қилиб, Коммунистик партия бошқарувига қарши чиққан намойишни полиция тарқатиб юборди. Бироқ бир неча соатдан кейин одамлар яна тўпланишди.

Ижтимоий тармоқларда мамлакатнинг яна етти шаҳрида, жумладан Пекинда, ўнлаб университетларда намойишлар бўлиб ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Пойтахтда мамлакатнинг етакчи Цинхуа университети талабалари ҳам COVID чекловларига қарши норозилик намойиши ўтказишди. Шунингдек, ёшлар Урумчи шаҳридаги кўп қаватли уйдаги ёнғин оқибатида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдиришди. Ушбу бинода яшаганлар коронавирус эпидемияси сабабли карантинга олинган эди.