Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хитойда 2,3 миллиондан ортиқ аҳоли табиий офат ҳудудида қолиб кетди

2,3 миллиондан ортиқ аҳоли Хитойнинг Хубэй провинциясида бир неча кундан буён кузатилаётган кучли ёғингарчилик сабабли юзага келган сув тошқинлари юз бераётган ҳудудда қолиб кетди. Бу ҳақда 8 июль куни Хубэй расмийлари баёнотида маълум қилинди.

Айни вақтда 14 та шаҳар ва 33 та туманда фавқулодда тезкор чоралар кўрилиб, сув тошқинлари ва ер кўчишига қарши тадбирлар белгиланмоқда.

Провинцияда тўрт кундан буён кучли ёғингарчилик тўхтамаяпти. Шу вақт мобайнида 2 миллион 314 минг аҳоли табиий офат ҳудудида қолиб кетди, икки киши ҳалок бўлди, 42,2 минг аҳоли хавфсиз жойга эвакуация қилинди. Шу билан бирга, яна 41,7 минг одам фавқулодда ёрдамга муҳтож бўлиб турибди.

Табиий офат оқибатида зарар кўрган қишлоқ хўжалиги ер майдонлари 384 минг гектардан ошган, 28,3 минг гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўлиқ нобуд бўлган. Бундан ташқари, сув тошқинлари оқибатида 420 та уй ва бошқа иншоотлар вайрон бўлди, 400 та бино жиддий зарар кўрди. Ҳисоб-китобларга кўра, табиий офат оқибатида кўрилган зарар  2,48 миллиард юанга етган (354,5 миллион АҚШ доллари).