Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Исроил Ғазода БМТ инсонпарварлик карвонига ҳужум уюштирди. Саратонга қарши биринчи вакцина синалди
🔹 Россия ҳукумати ҳозир Курск операцияси фонида янги кўнгилли ҳудудий мудофаа бўлинмаларини яратмоқда.
🔹 Россия президенти Владимир Путин 3 сентябрь куни илк бор Гаагадаги Халқаро жиноий суд буйруғи билан ҳибсга олиши шарт бўлган мамлакатга ташриф буюради. Суд болаларни Украинадан ноқонуний депортация қилиш учун ҳибсга олиш ордери чиқарган эди. Путин ташриф буюрадиган Мўғулистон, Рим статутини имзолаган давлат сифатида, Халқаро суд буйруғини бажаришга мажбурдир.
🔹 Туркияда бугун, 30 август куни мамлакат миллий байрами — Ғалабанинг 102 йиллиги кенг нишонланмоқда.
🔹 Украина қуролли кучлари бугун эрталаб Москва яқинидаги Калуга шаҳрига ҳужум қилди.
🔹 Яқин келажакда АҚШ ва Хитой Ҳинд-Тинч океани минтақасида кескинликни камайтириш учун юқори даражадаги ҳарбий алоқаларни ўтказишга тайёрланмоқда.
🔹 Ўтган йили Канада тайгасининг кенг ҳудудларини қамраб олган улкан ўрмон ёнғинлари атмосферага меъёрдан бир неча баравар ортиқ углеродни чиқарган. 2023 йилда Канададаги ёнғин чиқиндилари АҚШ, Хитой ва Ҳиндистондан ташқари барча саноат мамлакатларидаги чиқиндилардан ошиб кетган. Олимлар бундай иссиқ ва қуруқ ёз ойлари 2050 йилларга бориб одатий ҳолга айланиб, ўрмон ёнғинларининг кўпайишига ва шу тариқа глобал иқлим ўзгаришини тезлашишига олиб келишидан хавотирда.
🔹 Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубида гуманитар ёрдам олиб кетаётган карвон таркибида ҳаракатланаётган БМТ автомобилига ҳаво ҳужуми уюштирди.
🔹 Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Брюсселдаги норасмий йиғилишда Николас Мадурони Венесуэланинг демократик йўл билан сайланган президенти сифатида тан олмасликка келишди.
🔹 Лондонлик 67 ёшли эркак саратоннинг энг хавфли турига қарши дунёдаги биринчи вакцинани олди. Шунингдек, навбатдаги рўйхатда 7 давлатдан: Буюк Британия, АҚШ, Туркия, Венгрия, Испания, Германия ва Полшадан яна 130 нафар бемор бор. BNT116 бир марталик вакцина бўлиб, у кимётерапиядан фарқли ўлароқ, беморнинг соғлом ҳужайраларига зарар бермасдан, фақат саратон ҳужайраларига ҳужум қилади.