Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Хорижий фуқароларнинг визаси 5 майга қадар узайтирилади

Ўзбекистон ҳудудида бўлган хорижий фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишидаги муаммоларни инобатга олиб, уларнинг виза муддати жорий йилнинг 5 май санасигача автоматик тарзда узайтирилади.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарига кўра, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича махсус комиссия йиғилишида шунга доир қарор қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, муайян муддатга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам (белгиланган муддат бузилган тақдирда) истисно тарзида мамлакат ҳудудидан чиқиб кетишига 2020 йилнинг 5 майига қадар рухсат берилади.

Юқоридаги ҳолатларда хорижий мамлакатлар фуқароларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмайди ҳамда жарима ундирилмайди.

Транспорт вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хорижий фуқароларнинг ўз ёки учинчи мамлакатга қайтиши учун харид қилинган Uzbekistan Airways АЖнинг авиачиптаси мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг қайтиб кетиши учун тегишли рейсларини қўшимча маблағ ундирмаган ҳолда ташкил этади.