Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ХТВ: Ўқитувчи бўлишни истайдиган ёшлар сони ортмоқда

Халқ таълими вазирлиги ёшлар ўртасида сўров ўтказди. Сўровномада 4,5 мингга яқин респондент иштирок этган. Натижага кўра, 59 % респондент ўқитувчи касбини танлаш истаги борлигини билдирган.

Шу билан бирга, улардан 21 фоизи давлат мактабларида, 8 фоизи хусусий мактабларда ва 7 фоизи хусусий ўқув марказларида ишлашни хоҳлашини маълум қилган.

Эътиборли жиҳати шундаки, респондентлар сўнгги вақтларда жамиятда ўқитувчилар мавқеининг ошиб бораётгани, кўпчилик ўғил-қизлар айнан давлат мактабларида ишлаш истагида эканлигини билдирган.

Шу билан бирга, ўқитувчи касбини танлайман, деб жавоб берган ёшларнинг аксарияти ўз фикрини ўқитувчилар мавқеининг ошгани билан изоҳлаган.

Сўровнома натижаларига кўра, “Охирги пайтларда ўқитувчилар мавқеини мустаҳкамлаш бўйича қатор ишлар қилинди. Буни сездингмизми?” саволига 51 фоиз респондент “ҳа” жавобини берган.

“Нима учун ўқитувчи касбини танлашни хоҳлар эдингиз?” саволига 10 % респондент ойликлар ошганини сабаб қилиб кўрсатган бўлса, яна 8 % ўқитувчилар мавқеи ошганини кўрсатган. Сўровда иштирок этган 34 % респондентлар эса болалар билан ишлашни яхши кўришини айтган.

Ўқитувчиларнинг жамиятдаги ўрнига баҳо берар экан, иштирокчиларнинг 10 % аъло, 28 % яхши ва 45 % ўртача, деб жавоб берган. 11 % респондент ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ёмон ва 5 % жуда ёмон деб баҳо берган.