Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ХТВ сайловга қўй сўйиш учун ўқитувчилар маошидан ушлаб қолиш “топшириғи”ни рад этди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти, Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги камида иккита мактабда маъмурият томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказишга столларни безатиш, гилам солиш учун ўқитувчилар маошидан 50 000 сўмдан олиб қолинаётгани айтилган.

Ҳолат ўрганилиб, Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати томонидан ушбу фикрларни рад этган ҳолда Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлими сайлов участкалари ўқув жараёнига халал бермай ташкил этилаётганлиги, хоналар жиҳозланишида ҳеч қандай маблағ сарфланмаганлиги ва мактаб маъмурияти томонидан пул маблағи йиғилмаганлигини маълум қилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 17-боб 98-, 99-, 100-моддаларида сайлов жараёнини молиялаштириш ҳақида аниқ маълумот берилган. Яъни, сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Ташкил этилаётган сайлов хоналарининг жиҳозланиши, керакли ҳужжатлар билан таъминланиши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ташкил этувчи ҳамда уни ўтказувчи шаҳар комиссияси томонидан амалга оширилмоқда.

Келтирилишича, ижтимоий тармоқларда блогерлар ўз фикрларини аниқ маълумотлар асосида изоҳламаган. Айрим блогерлар Янгийўл шаҳри ҳақида фикр билдиряптими ёки Янгийўл тумани ҳақидами, аниқ билиб бўлмайди. Мақоланинг бошида Янгийўл шаҳри мактаблари ҳақида маълумот бериб, мақола ўртасига келганда “туман ҳокимлиги мактаблар директорларига ноябрь бошида сайлов учун пул ўтказиб бериш тўғрисида "оғзаки топшириқ" берган”, деган мужмал далилларни келтирмоқда. Шулардан кўриниб турибдики, маълумот нотўғри.

Сайловга тайёргарлик жараёни Марказий сайлов комиссияси ва уларнинг ҳудуддаги комиссиялари томонидан ташкил этилмоқда. Янгийўл шаҳар халқ таълими бўлими юқорида келтирилган хабарни мутлақ нотўғри эканлигини таъкидлайди ҳамда ўқитувчилардан 50000 сўмдан маблағ йиғилган, деган асоссиз хабарни рад этади.