Янги Ўзбекистоннинг юксалиш симфонияси
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Ургут филиалида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” номли китоби тақдимоти ўтказилди.
Жорий йил аввалида нашр этилган китобдан муаллифнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар самаралари акс этган мақолалари ўрин олган. Тўпламни ўқиш жараёнида кейинги ўн йилликда юртимизда амалга оширилган улкан ўзгаршилар, ҳаётбахш эврилишларни теран ҳис қиласиз, муаллиф билан мамлакатнинг барча гўшаларида бирга юргандек, ҳудудларда янгиланишларни кўргандек бўласиз.
Тақдимотда Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Қозоқбой Йўлдошев, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов ва бошқалар китобнинг ана шу жиҳатларига эътибор қаратдилар.
– “Юксалиш симфонияси” ҳурматли Президентимизнинг халқпарвар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсати самарасида кейинги ўн йилда ўзгараётган шаҳар ва қишлоқларимиз, улкан бундёдкорлик ишлари ва халқимиз онгу тафаккури, дунёқарашидаги ўсиш ҳақида ҳикоя қилади, – деди Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродов. – Бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар жонажон Ватанимизнинг бугуни ва эртасига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни, айниқса, ижод аҳлини ёзишга, тафаккур қилишга даъват этади. Абдусаид ака ана даъватни ўзи ҳудудларда бўлиб қалбан ҳис қилган, бу янгиланиш жараёнларини холис таҳлил қилган ва бундан бутун халқимизни хабардор этишга интилган. Албатта, бу мақолалар даврий нашрларимизда, интернет саҳифаларида мунтазам эълон қилиб борилди. Эндиликда уларнинг Янги Ўзбекистоннинг юксалиш симфонияси каби маржондек тизилиб, катта бир тўплам, китобга айлангани фақат бугун эмас, тарих учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Китобга таниқли сиёсатшунос, жамоат арбоби Қудратилла Рафиқов сўзбоши ёзган. Сўзбошида қайд этилганидек, ҳақиқат ва самимият билан ёзилган бу китоб фақат тарихий ёки сиёсий солнома эмас, балки ўз тақдирини ўзгартиришга бел боғлаган халқнинг руҳий-маънавий ҳолати акс эттирилган бебаҳо кўзгудир.
– Ўтган йил 25 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Самарқандга ташриф буюриб, вилоят фаоллари билан Ургутда учрашадиган бўлдилар, – дейди “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев. – Ургутга янги қурилган “Самарқанд – Ургут” темир йўли орқали Президентимиз билан бирга поездда бордик. Йўл давомида давлатимиз раҳбари вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимизнинг турмуш даражасини юксалтириш билан боғлиқ режа ва мақсадларини баён қилиб бордилар, янги ташаббуслар, ўзгаришлар ҳақида гапирдилар. Албатта, ташрифдан кейин биз – журналистлар ўз таассуротларимиз ҳақида мақолалар ёздик, интервьюлар бердик. Жумладан, Абдусаид аканинг “Энди олам аҳлининг қарашлари ўзгача” деб номланган каттагина мақоласи деярли барча марказий газеталарда чоп этилди, интернет нашрларда эълон қилинди. Абдусаид Кўчимовнинг давлатимиз раҳбари айтган ҳар бир фикрни шу заминнинг фидойи фарзанди сифатида теран илғаб, ўз танида ҳис қилиб, бу ҳақда жўшиб ёзганига, очиғи, ҳавасим келди. Китобдан ушбу мақола ҳам ўрин олган ва уни қайта-қайта ўқиб, чиқдим.
Тақдимотда китоб муаллифи Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда кечаётган оламшумул ўзгаришлар, давлатимиз раҳбарининг шижоатли сиёсати ҳар бир ижодкорни бу жараёнлар ҳақида ёзишга ундаши, қалбдаги туғёнларни янада жўш урдиришини қайд этди. Тўпламни нашр этишда кўрсатган амалий ёрдами учун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раҳбариятига миннатдорлик билдирди.