Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги қонун тарғиботи ишчи-ходимларни баҳамжиҳат фаолиятга ундайди

Тойлоқ туманидаги агротадбиркорлик касб-ҳунар коллежида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси, мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда мазкур қонун ишчи-ходимларнинг ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларини ҳимоясини кучайтиришга, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашишини таъминлашга хизмат қилиши хусусида сўз борди.

«Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун 2019 йил 6 декабрда қабул қилинган бўлиб, орадан 3 ой ўтгач, кучга кириши белгиланган. Дастлабки “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун 1992 йил 2 июлда қабул қилинган. У 3 та боб ва 22 та моддадан иборат эди. Унга 2001 йилда ва 2016 йилда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлса-да, асосан деклоратив характерда эди. Аниқ тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар деярли келтирилмаганди. Янги қонун 9 та боб 56 та моддадан иборат бўлиб, бир қатор аниқ, тўғридан-тўғри амал қиладиган нормаларни ўз ичига олган.

Шунингдек, семинарда Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, касаба уюшмасига бирлашиш имкониятлари, уларни давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, ижтимоий шериклик хамда жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш масалалари ҳақида тушунчалар берилди.

Худди шундай семинар Паст Дарғом тумани “Жума пахта тозалаш заводи” акциядорлик жамиятида ҳам ўтказилди.

Усмон КАРИМОВ,

вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши бўлим мудири.