Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги хизмат тури аҳоли хавфсизлигини таъминлайди

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали қошида хонадонларда суюлтирилган газ тўлдирилган баллонларни ўрнатиш ва синовдан ўтказиш хизмати жорий этилди.

Маиший газ баллонларидан фойдаланишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус қўлланма ишлаб чиқилган бўлиб, ўрнатилиш тартибига қараб хизмат нархлари ҳам белгиланган.

Эндиликда, маҳаллама-маҳалла юриб истеъмолчиларга маиший газ баллон ташувчи автотранспортлар учун зуруриятга қараб қўшимча биттадан ходим жалб этилади. Улар  суюлтирилган газ истеъмолчиларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 2 та йўналишда қўшимча хизмат кўрсатади.

Жумладан, хавфсизликни таъминловчи ходим маиший газ баллонни хонадонга олиб кириб ўрнатишдан олдин истеъмолчига техника хавфсизлиги бўйича тушунтиришлар беради. Агар истеъмолчи томонидан эътироз билдирилмаса, газ баллонни ўрнатишни амалга оширади.

Суюлтирилган газ баллонларни алмаштириш ва ўрнатиш учун бир марталик кўрсатилган хизмат кўрсатиш нархи 3000 сўм этиб белгиланган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 мартдаги “Газ хўжалигида хавфсизлик қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, газ баллонни соз ҳолатда сақланиши, барча техник меъёрлар асосида узоқ муддат хавфсиз фойдаланишини таъминлаш учун таъмирлаш ва синовдан ўтказиш тасдиқланган таърифларга мувофиқ истеъмолчидан махсус тўлов паттаси орқали беш йилда бир маротаба 67.000 сўм тўлов ундирилади. Ушбу тўловни истеъмолчи ҳар йили 5/1 қисмини тўлаб бориши ҳам мумкин. Шу пайтгача маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ва таъмирлаш харажатлари таъминотчи корхона томонидан қопланган.

Бажариладиган хизматнинг сифати ҳамда хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилиниши “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали корхонасининг сервис хизматларини ривожлантириш бўлими томонидан назоратга олинади.

Эслатиб ўтамиз, 1 та 20 килограмм суюлтирилган газ тўлдирилган баллоннинг нархи 22 400 сўмни ташкил этади.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.