Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН: ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ФЕНОМЕНИ

ДАВРУ ДАВРОН

(Мавлоно Лутфий ғазалига1 мухаммас)

photo_2019-07-23_23-43-09.jpg

Эй шоҳижаҳон сиз ҳама султон орасинда,

Бундоқ беҳишт йўқ еру осмон орасинда,

Ҳақдин келадир барчаси фармон орасинда,

Эй тож ияси2 насли Темурхон орасинда,

Сизга ярашур тахт бу даврон орасинда.

 

Эл-юрт бу замон салтанату аҳдқа лойиқ,

Ҳар азму шижоат била ҳар жаҳдқа лойиқ,

Борму бу улусдек караму бахтқа лойиқ,

Султони улул-амр дағи тахтқа лойиқ,

Сизсиз бу кун Эрон дағи турон орасинда.

 

Эврулмади гар бизга гоҳ чарх рамузи,

Рост келди лек толени юзи била кўзи,

Давлат кучайиб, эл кучайиб, қўлласа Ўзи,

Илёсу Хизрдек черигингиз3 қулавузи4,

Арвоҳу малак ҳам дағи инсон орасинда.

 

Сиз эл шарафига шараф-ул-шаън эрурсиз,

Авзойини оламни ки ҳар он кўрурсиз,

Огоҳдурурсизки мудом – шоҳдурурсиз,

Искандар эшитсаки онинг сори юрурсиз,

Жон бергай отоси киби учон5 орасинда.

 

Сиз халқ нигоҳбонисизу бахт илиги,

Эл равнақию фазлу фаровончилиги,

Иғвою низо ичра эрур даҳр бешиги,

Чун сизга мададкордурур ғайб чериги,

Душман бари гўй бўлғуси майдон орасинда.

 

Гар меҳнату заҳмат аро гоҳ толурсиз,

Кетгай бари лек юртга бир разм солурсиз,

То бор экандир шу Ватан – сиз қолурсиз,

Сиз Мисрға дегру6 чу билурларки, олурсиз,

Юсуф илидур7 кулбаи аҳзон орасинда.

 

Давлат ила толе азиз бошдаги қуштур,

Ранжларки чекдик бари рўё ила туштур,

Бу давр на даврондиру, даврон на хуштур,

Лутфий емагил ғам гўша иқболи ўкуштур8,

Кўргайбиз ўзимизни Хуросон орасинда.

Сирожиддин САЙЙИД, 
Ўзбекистон халқ шоири

 

 

ШАХСНИНГ ШАКЛЛАНИШИ

Oqil Umurzoqovich3.jpg

1987 йилда мени ирригация институти ректори этиб тайинлашди. Ўшанда Шавкат Миромонович институтнинг партия қўмитаси ўринбосари лавозимида ишларди.

Бу инсоннинг ўша пайтдаёқ олий таълим ва ёшларни тарбиялаш тизимидаги муаммоларни чуқур тушунадиган қобилиятли мутахассис эканини англаш қийин эмасди.

... Бир куни у шундай таклиф билан кирган эди: “Институт потенциалини кўтариш, илмий салоҳиятни кескин ривожлантириш керак”. Бунинг учун нималар қилиш кераклигини бирма-бир санаб кетди.

Ўша пайтлари бу айтилган ислоҳотларни амалга оширишнинг мутлоқ имкони ҳам, иложи ҳам йўқ эди. Аммо... Шавкат Мирзиёв айтганларининг барчасини амалга ошириб исботлади. Ўша пайтлар Ирригация институти том маънода мамлакатдаги етакчи илмий даргоҳга айланганди.

Бунинг учун нима қилди?..

Шавкат Мирзиёевнинг жамоада институтнинг биринчи даражали – олий таълим даргоҳига малакали ўқитувчиларни жалб қилиш, илмий-амалий лабораториялар, кафедралар ташкил қилиш каби вазифаларни ёрқин кўрсатиб бера олди. Ўша пайтда асосан кун тартибида институтга энг қобилиятли ёшларни жалб этиш, уларнинг умумий маданиятини юксалтириш, институтнинг илмий салоҳиятини ривожлантириш масаласи турарди.

Бу мақсадда институт ҳузурида мактаб ташкил этилди. Энг қобилиятли ёшлар саралаб олиниб, бу мактабда ўқитиларди. Таъкидлаш жоизки, улар институт аудиториялари ва устахоналарида таҳсил олиб, ўша пайтдаёқ олий таълим тажрибасини ўзлаштирган эдилар.

Кейинчалик ушбу мактаб кўплаб иқтидорли йигит-қизларни тайёрлаган лицейга айланди.

Талаба ва ўқитувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш долзарб аҳамият касб этаётган эди. Ушбу масалани ҳал этиш учун барча зарур мутахассис ва ускуналар, шу жумладан, рентген хонасига эга институт поликлиникаси ташкил этилди. Шу тариқа институт ҳудудини тарк этмаган ҳолда талаба ва ўқитувчиларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласи ҳал этилди. Ҳатто туташ даҳалар аҳолиси ҳам бизнинг шифокорларга мурожаат этишни афзал кўрарди.

Шунингдек, спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилган, хусусан, футбол, волейбол, бокс, кураш майдонлари ва ринглари барпо этилган ҳамда таъмирланган, сузиш ҳавзаси қурилган. Бизнинг талабалар бир неча бор республика мусобақаларида совринли ўринларни эгаллаган.

Шавкат Миромонович ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳақида доим қайғурган. Институт ҳузурида 3 та дўкон фаолият юритган, у ерда ходимлар имтиёзли нархлар бўйича керакли маҳсулотларни харид қилган. Бунга институтнинг йирик колхоз ва совхозлар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосидаги алоқалари имкон яратди. Шунингдек, маҳсулот таъминотига институтнинг Тошкент вилоятидаги ўз экин майдонлари ва сут фермасига эга ўқув хўжалиги катта ҳисса қўшарди. Маҳсулотларнинг бир қисми, жумладан, гуруч, шакар, сабзавотлар вақти-вақти билан касаба уюшмалари қўмитаси орқали бепул тарқатиларди.

Талабаларни тарбиялашда ўқитувчининг ташқи кўриниши ҳам муҳим ўрин тутади, шунинг учун “Юлдуз” тикув фабрикасида кийимлар тикилиши йўлга қўйилган ва йилига икки марта улар энг яхши маърузачиларга мукофот тариқасида берилган.

Ушбу даврда колхоз ва совхозларни фермер хўжаликлари қилиб қайта ташкил этиш масаласи ҳал этиш жараёнида эди. Шунинг учун институтда фермерларни тайёрлаш учун махсус ўқув дастурлари ишлаб чиқилганди. Ушбу имкониятдан институтнинг тўлиқ ўқув курсини ўзлаштира олмаган талабалар ҳам фойдаланиш имконига эга бўлди.

Мунтазам равишда талабаларга умумий ва турмуш маданияти, жамиятда, шахсий ҳаётда ўзини тутиш ва бошқа қоидаларини сингдириш бўйича ишлар олиб борилган.

Мен ўшанда 60 ёшда эдим, Шавкат Миромонович 25 ёшда. Ўша пайтлари ҳам ёш бўлишига қарамай, кўп масалаларда олий даргоҳдаги масъул ходимлардан кўра яхши билимга эгалиги чин маънода ҳайратда қолдирган. Мен ҳам кўпчилик қатори Шавкат Мирзиёев узоқни кўра оладиган қобилият эгаси эканини ана ўша даврларда сезган эдим. Билдимки, бу инсон тенгдошларидан анча олдинда юрган эди.

Шавкат Миромоновичнинг шу каби ажойиб фазилатларини биз энди мамлакат миқёсида амалга ошираётган ислоҳотлари мисолида кўраяпмиз.

Оқил САЛИМОВ, 
Ўзбекистон фан арбоби, академик.

ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ХАЛҚДАН АЙРО ЭМАС, УНИНГ БИР БАНДИДИР

Мен Шавкат Миромоновични Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизацияси институти талабаси бўлган, ёшларга етакчилик қилган даврларидан бери биламан. Талабалигидан сўнг ҳам илм ўрганиш, изланишда давом этиб, илмий ходим, фан номзоди, институт проректори даражаларига қадар кўтарилди.

a1fcdf1d-0cef-4627-a249-4e1b2eb02fbd.jpg

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

У киши 1992 йили Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимида иш бошлаган вақтлари республика “Маҳалла” жамғармаси раиси, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаганим боис, тез-тез учрашиш, амалга оширган хайрли ишларига гувоҳ бўлиш имкониятига эга бўлганман. Туман ҳокими сифатида биринчилардан бўлиб “Маҳалла” жамғармасини ривожлантириш таклифи билан чиққан эди. У киши тумандаги 52 та маҳалланинг ҳар бир оқсоқолини яхши танир, ишларидан бохабар, маҳалла муаммолари, имкониятлари, аҳоли қийинчиликларини яхши биларди. Ўша йилларда Мирзо Улуғбек тумани маҳаллалари республикада биринчилардан бўлиб инфраструктурасини ўзгартирган эди. Ички йўлларни асфальт қилиш, савдо-маиший шохобчалар қуриш, кўчаларни ободонлаштириш борасида самарали ўзгаришлар бўлганди.

Шуни айтиш керакки, Тошкентда озиқ-овқатлар, айниқса, сут маҳсулоти ниҳоятда танқис эди. Шавкат Миромонович сутни қўшни Сирдарё вилоятидан келтириб, аҳоли талабини қондирарди. Бу ишни ўринбосарлари зиммасига юклаб, ҳар куни улар ишини назорат қиларди. Умуман олганда, Президентимиз маҳаллани давлат ва аҳоли ўртасидаги кўприк, таянч тузилма сифатида кўрганлар. Эътибор берсак, охирги икки ярим йилда маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник, маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича қанчадан-қанча ишлар қилинди. Бу ишларнинг дебочаси ўша даврда бошланган эди, десам муболаға бўлмаса керак.

Шавкат Миромоновичнинг доимий эътибор марказида бўлган соҳаларидан бири спорт бўлган. Туманда “Умид” деган ташландиқ, таъмирталаб футбол майдони бор эди. Елиб-югуриб, ўша даврларда бирмунча қийин бўлган маблағ ажратиш масалаларини ҳал этган, стадионни таъмирлаб, ёшларни спортга жалб қилиш бўйича кўпгина ишлар қилган. Бир туманнинг ўзида олий лигада ўйнайдиган иккита футбол клуби бор эди: “ЦСКА” ва “Трактор”. Айниқса, “Трактор” клуби жуда яхши натижаларга эришди, клуб стадиони ёнида каттакон сув ҳавзаси қурилиб, ёшларга беминнат хизмат қилган. Бу ишларни амалга ошириш ўша даврда осон бўлмаган, албатта. Мана, бугунги кунда Президентимизнинг ёшлар учун илгари сурган 5 та муҳим ташаббусининг иккинчиси ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилгани ҳам бу ишларнинг илдизи нақадар чуқурлигидан дарак беради.

Шавкат Миромонович ўша даврларда ҳам ниҳоятда камтарона ҳаёт тарзига эга эди. “РАФ” русумли машинада маҳалла оқсоқоллари билан юриб, жойларга бориб муаммоларни ўрганарди. Маҳалла оқсоқолларини ишлаши учун шароитлар, ўша даврда бўлган икки кишилик машиналар билан таъминлаб, оқсоқоллар ғамини ердилар. Бу ишларнинг давомийлигини ҳозир ҳам кўряпмиз, барча ҳудудлардаги маҳаллаларнинг мавқеи яхшиланмоқда, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари орқали мамлакат янгича қиёфага кирмоқда. Уларнинг шароитлари, тоза, равон кўчалари бир-биридан қолишмайди. Яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтишим лозимки, Шавкат Миромонович қайси ҳудудда раҳбар бўлмасин, ўша ердаги қабристонларни обод қилиб, озода сақлашга алоҳида эътибор қаратарди.

Туман ўзига хос “округлар”га, бўлиб бошқарилар, ишларнинг бевосита назорати эса ҳоким зиммасида эди. “Округлар” бугунга келиб секторларга айланди, улар бевосита масъулларга бириктирилиб, иши назорат қилинади. Бир вақтлар Мирзо Улуғбек туманида йўлга қўйилган тажриба бугунги кунда бутун республикага жорий қилиниб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шавкат Миромоновичдан камтаринлик, масъулият борасида ҳамма раҳбарлар ўрнак олишимиз лозим. У киши нутқларида тез-тез “Оёқларинг ердан узилмасин!”, “Нима иш қилсанг ҳам, аввало, халқ манфаатидан келиб чиқиб қил!”, “Ҳақиқий баҳони халқ беради”, “Қарсакбозлик, ура-урачилик, қуруқ гаплар керак эмас!” каби хитобларни таъкидлаши бежиз эмас. Ёдимда, ўша вақтлар Шавкат Миромонович институт проректори, депутат бўлсалар-да, оиласи билан икки хонали уйда ижарада турарди. Илм йўлидаги изланишлар, диссертация ёзиш машаққатлари ана шундай мураккаб шароитда бўлган. Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманга ҳоким бўлгачгина у кишига уй берилган. Бу ҳам осон бўлмаган. Ўша вақтлар уй олиш ҳам жуда оғир, уй беришга масъулларнинг ошиғи олчи, ўзига бино қўйган пайтлар эди.

Шавкат Миромоновичга уй берилса-да, уни олгунча роса югуришлар, сансоларликлар бўлган. Буни қарангки, ўша оворагарчиликларга сабаб бўлиб, ташвишларини кўпайтирган аёл Шавкат Миромонович туманга ҳоким сифатида иш бошлаб, йиғин ўтказганларида бўлим бошлиғи бўлиб ўтирган, у кишини таниб анча хижолатли ҳолга тушган. Аёл йиғилишдан сўнг ёнларига кириб узр сўраган, ишдан бўшамоқчилигини билдирганда, Шавкат Миромоновичгина кек сақламасдан, хатоингизни англаган бўлсангиз ишлайверинг, бошқа бундай қилмасангиз бўлди, қабилида гапирган. Шавкат Миромонович камтар, масъулиятли бўлиш билан бирга, кечиримли ҳам. Ўзи ҳам бот-бот таъкидлайди, “Ҳамма нарсани кечиришим мумкин, фақат хиёнатни кечирмайман” деб.

Мен барчанинг муаммоларини худди ўзининг ташвишидек қабул қиладиган, камтар, масъулиятли, ҳаракатчан, халқ дардида ҳаловатни унутган инсон Шавкат Миромоновичдан барча раҳбарлар ўрнак олишини истар эдим.

Шуҳрат ЖАЛИЛОВ, 
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини 
қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси.

ИЖТИМОИЙ ҲАЁТНИ КЕСКИН ИСЛОҲ ҚИЛГАН ЕТАКЧИ

5.jpg

Барча замонларда мамлакатда амалга оширилган ўзгаришлар, аввало, қурилишлар, иморатлар, иншоотлар билан ўлчанган. Авлодлар аждодлар томонидан бунёд этилган иншоотлар, иморатларга қараб ўтган даврни ўрганган, баҳо берган. Бунга дунёнинг барча мамлакатлари каби Ватанимиз тарихида ҳам мисоллар кўп.

Мен ҳам ўзимнинг саксон беш йиллик умрим давомида Ватанимиз тарихига дахлдор кўплаб катта ишларга иштирокчи, гувоҳ бўлдим. Ёшлардан фарқли, биз кексалар бугунги ишларга ўтмишда кўрганларимиз билан қиёслаб, ҳаёт тажрибасига асосланиб баҳо берамиз. Кўрганларимдан, билганларимдан хулоса чиқариб, давлатимиз мустақиллик даврининг сўнги икки йили Ватанимиз тарихида нурли саҳифалар бўлиб қолади, деб ишонч билан айта оламан.

Шавкат Миромонович Жиззах вилояти хокими бўлиб ишлаган 1996-2001 йиллар ҳам осон даврлар эмасди. Ҳали эски қарашлар, одатлар кучлилигидан давлатчилигимиз асосини яратиш, янги қонунларни ҳаётга татбиқ этиш осон кечмаганди. Бунинг устига эски тузумдан қолган хўжалик юритиш, ижтимоий инфратизим издан чиққанди.

Шунда бу кишининг, ёш бўлса-да, одамлар билан тил топа олиш, жамоани бошқариш таланти, ишчанлиги тўлиқ намоён бўлди. Аввало катта тажрибага эга фахрийлардан, мутахассислардан ишчи гуруҳ тузиб, барча муаммоларни жойида ҳал этишни йўлга қўйди. Натижада деярли, ўзибўларчиликка тушиб қолган қишлоқ хўжалик бошқарувида, аҳолига хизмат кўрсатишда зарур тартиб ўрнатилди, фаоллар жипслашди.

Шу йилларда энг ёмон аҳволга тушган Жиззахдан Сирдарё ва Самарқанд вилояти ҳудудигача бўлган марказий автотрасса таъмирдан чиқарилди. Жиззах шаҳри марказида 5 та тўққиз қаватли уй, Жиззах давлат педагогика институти, бир абгор аҳволдаги мактаб ва шифохоналар бинолари таъмирланиши одамларда вилоят раҳбарига ишончини ўйғотди.

Бугун ғоят шиддатли даврда яшаяпмиз. Бундан йигирма йил аввалги ишларни бугунги ўзгаришлар билан таққослаб бўлмайди. Ўзгаришлар жуда маҳобатли, кўлами ғоят кенг. Улар барча соҳада – иқтисодиётда ҳам, ижтимоий соҳаларда ҳам шу қадар юқори суръатларда амалга оширилмоқдаки, баъзан барчасини қувваи ҳофизамизга сингдириш, санаб чиқиш қийин.

Президентимиз 2017 йилнинг бошида Жиззах вилоятига қилган ташрифи давомида вилоят фаоллари, биз, меҳнат фахрийлари билан учрашувларда ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ривожлантиришда аҳволдан норозилигини билдирган, амалга ошириладиган вазифаларни, муддатларни аниқ белгилаб берган эди. Шундан кейинги ўзгаришлар эса ниҳоятда тез амалга ошди.

Хусусан, Жиззах шаҳри бутунлай гўзал қиёфага кирди. Қисқа вақтда амалга оширилган бу бунёдкорлик ростдан ҳам эртакмонанд бўлди. Бундан мен қувонаман. Бундан ҳамма қувонмоқда.

Мен яна ўзимнинг туғилиб ўсган туманим – Форишда бўлаётган ўзгаришлардан яна қувоняпман. Вилоят ҳудудининг яримидан зиёдини эгаллаган туманда бундан атиги икки йил аввал бирорта саноат корхонаси йўқ эди. Бугун бу ерда тошни эритиб, ундан темир ўрнини босувчи базальт толаси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёда ягона бўлган “Мега инвест индустриал” Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси ўз маҳсулотларини хорижга экспорт қилаётир. Президентимизнинг шахсан ташаббуси ва топшириғи билан “Караман” сув омбори қурилиб, 50 минг гектардан сувли ер очилаётир.

Вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида бундан ҳам катта ўзгаришлар юз бераётир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури асосида қайтадан қурилган Дўстлик туманидаги Манас қишлоғи, Мирзачўл тумани маркази – Гагарин шаҳри фақат юртдошларимизда эмас, олис-яқин қўшни мамлакатлар фуқароларида ҳам ҳавас уйғотмоқда.
Мен Мирзачўлда ўн йил туман ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаганман. Шунинг учун катта-кичик маъракаларга таклиф этишганда бориб тураман. Бу ерда атиги етти ойда қилинган ишларни кўриб, ҳам ҳайратга тушаман, ҳам қувонаман.

Бугун вилоятнинг барча туман марказлари шундай янгиланаётир. Булар ўзгаришларнинг ташқи кўриниши. Энг катта ўзгариш одамларнинг турмушида, уларнинг қалбида кечаётир. Мен йигирма йилдан зиёд ногиронлар жамияти вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб келаётган одам сифатида бугун давлатимиз раҳбарининг эҳтиёжманд фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратаётган эътибори ҳар бир юртдошимиз ҳаётида, уларнинг қалбида қандай акс-садо бераётганини яхши биламан.

Биргина кейинги икки йилда вилоятда 20 мингдан зиёд ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошимиз янги уйли бўлди. Улардан 30 фоизига уйлар текин берилди. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида фармони билан ногиронларни қўллаб-қувватлаш тубдан яхшиланди.

Бу ўзгаришларнинг барчасини санаб чиқиш қийин. Ҳамма соҳа, бутун ҳаётимиз, жамият ўзгармоқда. Хорижга бораяпмиз. Кексалар боғ яратаяпти, ёшлар китоб ўқияпти. Ҳамма ўзгаришлар, янгиланишлар одамларда Президентимизга, давлатимизнинг одил сиёсатига ишонч уйғотаётир, Ватанга, юрт келажагига ишончини мустаҳкамланаётир.

Аслида энг катта ўзгариш ҳам шу – одамлар қалбининг, қарашларининг янгиланаётгани.

Абдулла ҚАРШИБОЕВ, 
Ўзбекистон ногиронлар жамияти Жиззах вилояти бўлими раиси, 
меҳнат фахрийси.

 

-----------------------------------------------------------

1 Мавлоно Лутфийнинг мазкур ғазали Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси, Шоҳруҳ Мирзонинг ўғли, Ҳирот ҳукмдори Бойсунғур Мирзо бағишланган. 
2 Ия – эга, соҳиб. 
3 Черик – лашкар, армия. 
4 Қулавуз – етакчи, йўлбошчи. 
5 Учон, ужон – икки елканли кема. 
6 Дегру, тегру – ...гача, ...қадар. 
7 Или, илик – қўли, қўл. 
8 Ўкуш – кўп, анча, талай.

 
ЎзА.