Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Япония ва Жанубий Кореяда "совуқ фронт": рейслар бекор қилинмоқда, кўплаб автомагистраллар ёпилган

Қор ёғиши ва кучли шамол Япониянинг кўплаб ҳудудларида транспорт алоқаларини бузди, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВ.

Мамлакат ҳукумати бош котиби Хироказу Мацуно совуқ фронт келиши билан кучли қор ёғиши камида бир кишининг ўлимига сабаб бўлганини айтмоқда.

Япония ҳаво йўллари чоршанба куни эрталаб соат 6:00 ҳолатига кўра 151 та, All Nippon Airways эса 85 та рейсни бекор қилган. Қайд этилишича, бу рейслар асосан Япония денгизи соҳилидаги аэропортларга амалга оширилган.

Қор ёғиши тезюрар поездлар ҳаракатига ҳам таъсир қилган. Кўплаб тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилган.

Транспорт департаменти об-ҳаво шароитига қараб, давлат йўллари қор тозалаш учун ёпилиши мумкинлигини айтмоқда.

Япония метеорология агентлиги мамлакатнинг айрим ҳудудларида сўнгги ўн йилликдаги энг совуқ ҳаво ҳарорати кузатилиши мумкинлигини айтган. Мамлакатда кучли совуқ пайшанба кунига қадар давом этиши кутилмоқда.

Айни пайтда Жанубий Корея ҳам қаттиқ совуқдан азият чекмоқда. Чоршанба куни бутун мамлакат бўйлаб қаттиқ совуқ ҳақида огоҳлантиришлар эълон қилинди, дея хабар беради маҳаллий ОАВ.