Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Япониянинг Нара шаҳрида Самарқанд кунлари бўлиб ўтмоқда

Япониянинг Нара шаҳридаги Самарқанд кунлари фестивалига старт берилди.

Туризм соҳаси вакиллари — тадбиркорлар, ҳунармандлар, ишбилармонлар ҳамда маданият ходимларидан иборат Самарқанд вилояти делегацияси Японияда хизмат сафарида бўлиб турибди.

Фестивалнинг биринчи кунида Нара ва Самарқанд вакиллари иштирокида Самарқанднинг туризм ва инвестицион салоҳиятига бағишланган конференция ташкил этилди. Конференция ишида япониялик ва самарқандлик бизнес ҳамда Нара префектураси ва Самарқанд вилояти делегацияси вакиллари иштирок этди.

Конференцияда иштирок этган Нара префектураси губернатори Макото Ямашита Самарқанд ва Нара ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг фестиваль иштирокчиларига видео мурожаати эшиттирилди. Шу билан бирга конференцияда вилоят туризм ва инвестицион салоҳияти, транспорт-логистика тизимида сайёҳлар учун яратилган имкониятлар, туристик компаниялари томонидан янги туризм маҳсулотлари тўғрисида тақдимотлар ташкил этилди.

Конференция якунида учрашувлар ташкил этилиб, мамлакатимизга япониялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича икки томон туристик корхоналари ўртасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Самарқанд кунлари доирасида шу куннинг ўзида Самарқанднинг туризм, инвестиция, ҳунармандчилик, гастрономияси салоҳиятини намойиш этувчи кўргазмалар ташкил этилди ҳамда Самарқанд оши тайёрланиб, меҳмонларга тортиқ этилди.

Фестивалга ташриф буюрган меҳмонлар самарқандлик хонанда ва созандаларнинг куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлишди.

Тадбирлар давом этмоқда.

***

Маълумот учун: 2021 йил 24 декабрь куни Самарқанд билан Нара ўртасида муносабатлар тўғрисида шартнома имзоланган.