Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Яраштириш – аёлни кўр-кўрона эр уйига олиб бориб қўйиш дегани эмас

Ўтган йил вилоятда ажралишлар сони сезиларли даражада камайди. Аммо шаръий никоҳ билан яшаётган аёллар оиласида муаммолар кўп. Яраштирилган оилаларнинг ҳаммаси ҳам тинчиб кетиши мураккаб жараён. Хўш, ушбу жараёнда маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиснинг вазифаси нималардан иборат? Уларнинг соҳада билимларини ошириш, мавжуд янгиликлардан бохабар этиш мақсадида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси қошида ташкил этилган ўқув курсида режа асосида мутахассисларнинг ўқуви ташкил этилган.

- Оилалардаги маънавий-маърифий муҳитни яхшилаш мақсадида ўтган йил давомида ҳар бир шаҳар, туманда ҳудуднинг маърифатли, тажрибали, фаол кишиларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди, - деди мутахассисларга дарс ўтиш жараёнида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова. – Улардан унумли фойдаланиб қолиш, нотич оилалардаги муаммоларни ҳал этишда биргалашиб ҳаракат қилиш керак. Умуман, бугун аҳоли билан суҳбатлашиш, уларга таъсир ўтказиш учун алоҳида билим керак. Оилани яраштириш дегани кўр-кўрона аёлни эр уйига олиб бориб қўйиш керак дегани эмас. Оилани атрофлича ўрганиш, ундаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда йўл тутиш лозим. Тўғри, ўтган йили вилоятда ажралишлар сони камайди. Аммо ўз жонига қасд қилиш, шаръий никоҳ билан яшаш ҳолатлари ҳамон юқори. Аёлга қўл кўтарадиган, унга зуғум ўтказадиган оилалар бор. Бундай оилани аввал соғломлаштириш керак.

Маҳалланинг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларга оилалар билан ишлашда эътибор қаратиши керак бўлган жиҳатлар бўйича олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тажрибали мутахассислар машғулотлари ўтказилмоқда.