Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йил якунигача хизматлар сони 160 тага етказилади

Бу йил Президент фармони билан жойларда давлат хизматлари марказлари ташкил этилганига уч йил тўлади. Ўтган вақт давомида ушбу марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 130 тага етказилди. Йил якунигача эса хизматларни 160 тагача етказиш режалаштирилган. Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида 2019 йил 1 апрелдан барча хизматлар экстерриториал тамойил тизимига, яъни исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб хизматлардан фойдаланиш йўлга қўйилди. Бу тизим фуқаролар доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ва юридик шахслар почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар, исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш имкониятини яратди. 

Мисол учун, Тошкент шаҳрида фаолият юритишни мақсад қилган тадбиркор Самарқанд вилоятидаги марказлардан туриб ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Нафақат рўйхатдан ўтиши, балки кўрсатиладиган аксарият хизматлардан доимий яшаш жойидан ҳамда рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъий назар жисмоний ва юридик шахслар исталган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказларидан фойдаланишлари мумкин.

Юртимизда карантин чоралари қўлланилаётган ҳозирги пайтда ҳам марказлар доимий иш фаолиятини олиб бормоқда. Хўш, карантин даврида марказлар томонидан аҳоли ва тадбиркорларга қандай қай тартибда хизматлар кўрсатилмоқда?  

- Карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилиши белгиланди, - дейди Самарқанд туман давлат хизматлари маркази раҳбари Савлат Салоҳиддинов. - Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳам карантин даврида тадбиркорлик субъектларига даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблашни тўхтатилиши юзасидан солиқ инспекцияларига хабарномалар юборилди. Давлат хизматлари марказлари томонидан фуқароларимиз ҳамда тадбиркорлик субъектларига бевосита ҳамда онлайн тартибда давлат  хизматлари кўрсатилмоқда. Марказимиз томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 130 дан ортиқ бўлган давлат хизматлари бўйича марказлар орқали жисмоний ва юридик шасхларга жами 16 541 та давлат хизматлари кўрсатилиб, 870 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Карантин даврида аҳолига янада қулайлик яратилиб, хизматлардан my.gov.uz портали орқали ҳам фойдаланишлари мумкин.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА.