Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Юртимизда қишки спорт турларини ривожлантиришда Россия тажрибасидан фойдаланилади

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби О.Қосимов хизмат сафари билан Россиянинг Москва шаҳрида бўлиб турибди. Сафардан кўзланган мақсад юртимизда қишки спорт турларини ривожлантиришда ушбу мамлакат билан ҳамкорлик қилиш борасида Россия Олимпия қўмитаси (РОҚ) ва Қўмита инновацион маркази расмийлари билан музокаралар олиб боришдир.

Суҳбат давомида терма жамоаларимизни ҳам ёзги, ҳам қишки Олимпия ўйинларига тайёрлаш борасида ҳамкорликни кучайтириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Сентябрь ойида МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари Олимпия қўмиталарининг навбатдаги форуми ўтказилиши режалаштирилган. Ташриф давомида мазкур тадбирни Ўзбекистонда ташкил қилиш орқали унга хорижлик мартабали меҳмонлар ва расмий шахсларни таклиф қилиш бўйича ижобий келишувга эришилди. Музокарада томонлар бўлажак форум дастурини шакллантириш борасида келишиб олинди. Шунингдек, россиялик мутахассис МОҚ раҳбарларининг Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган саммитини молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилиш учун ХОҚнинг Олимпия бирдамлиги лойиҳаси доирасида музокара олиб боради.

Шунингдек, Ўзбекистон томонининг юртимизда қишки спорт турларини ривожлантириш билан жиддий шуғулланиш ниятида эканлиги, бунга ҳукумат томонидан катта эътибор қаратилаётгани маълум қилинди. Бу борада аввало, хоккей, шорт-трек, фигурали учиш ва тоғ чанғиси спорт турларини ривожлантириш режалаштирилмоқда. Маълумки, 2025 йил Ўзбекистонда ёшлар Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мусобақага тайёргарлик жараёнида кўп тармоқли спорт иншоотларини қуриш дастури ишлаб чиқилган.

Россиялик мутасаддилар қишки спорт турларини мамлакатимизда ривожлантириш бўйича ўзбекистонлик мураббийлар ва мутахассислар билан тажриба алмашиш, кенг қамровли амалиётни ташкил этиш, вакилларимизни Россия Халқаро Олимпия университетида ўқитиш орқали ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.