Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

@zarafshonbot га мурожаат: Масжидга борадиган йўлимиз қачон таъмирланади?

Рости, бу ҳақида уч йилдан бери раҳбарларга мурожаат қиламиз. Гап шундаки, кўп йилдан буён катта магистрал йўлдан бизнинг Амиробод маҳалламиздаги жоме масжидигача бўлган Мисит кўчасининг 800 метрлик қисми ночор аҳволда. Қишда лой, ёзда чанг.

Масжидда Амиробод, Сарой ҳамда бошқа маҳаллалар аҳли, ҳатто М-37 катта магистрал йўлдан ўтаётган хорижлик сайёҳлар намоз ўқийди.

12-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам қишин-ёзин шу йўлдан қатнайди.

Шу билан бирга масжидда бомдод ва хуфтон намозларини адо этиш учун бораётган ёши улуғ намозхонларга кўчанинг қоронғулиги ноқулайлик туғдирмоқда.

Тўғри, 2019 йилда ҳокимликка мурожаат қилганимиздан кейин йўлимизнинг бир қисмига тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Аммо айнан масжидга яқин ҳудуд қоронғи.

Бизни қийнаётган муаммо ечими бўйича шу йил 15 июль куни Пахтачи тумани 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи С.Ортиқовга мурожаат қилдик. Аммо у киши “Вақтим йўқ”, деб бизни қабул қилмади. Сектор раҳбари бизга қулоқ солмаса, кимга мурожаат қилайлик? Туман ёки вилоят ҳокими эшигини тақиллатайликми?

Мейли Халилов,

Пахтачи тумани, Амиробод маҳалласи.

***

Р/S: Мазкур мурожаат ечими юзасидан Пахтачи тумани

 

масъуллари билан боғланганимизда "Бу муаммодан хабаримиз бор. 800 метрлик йўлни асфальт қилиш мақсадида 2022 йил дастурига киритиш учун ҳужжат қилинмоқда", деган жавобни олдик.

Мейли Халилов билан телефон орқали боғланиб, бу ҳақда айтганимизда бу гапга ишонмаслигини билдириб, бизга 2019 йилда туман ИИБ бошлиғи вазифасида ишлаган Б.Санақуловнинг 2019 йил 6 декабрдаги хати нусхасини жўнатди.

Унда Б.Санақуловнинг фуқаролар томонидан йўлланган мурожаатга берилган жавоб хатида Амиробод маҳалласи Мисит кўчасига асфальт ётқизиш ишлари 2019 йил ҳамда 2020 йил давлат дастурига тушганлиги, ушбу йўлга 2020 йил якунига қадар асфальт ётқизилиши айтилган.

Афсус, дастурга киритилган бўлса, нега ҳалигача қилинмади. 2019-2020 йил тугул 2021 йилнинг 8 ойи ўтяптики, дастурдан дарак йўқ. Энди эса отахонларни 2022 йилдан умидвор қилишмоқчи.

"Алдагани отахонлар яхши", деган ақидага амал қилаётган Пахтачи тумани мутасаддиларига инсоф берсин-да ишқилиб.