Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Адолат борлигини фуқароларга ишимиз билан, амалимиз билан кўрсатишимиз керак

Президентимиз томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Тизим ходимлари билан учрашув ва мулоқотларда, маърузаларда ҳам ҳар доим суд идоралари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи органга, чинакам адолат қўрғонига айланиши кераклиги таъкидланмоқда.

Бугун парламентга мурожаатномада ҳам давлатимиз раҳбари суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилишини қайд этиб, муҳим жиҳатларга эътибор қаратди. Кейинги пайтда одил судловни амалга ошириш жараёнида жиноят содир этишда айбланаётган ёки жазони ўтаётган шахсларнинг оқланаётгани, суд залидан озод этилаётгани ижобий ўзгариш сифатида эътироф этилди.

Самарқанд вилоятидаги жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ҳам 2018 йилда 37 нафар, 2019 йилда 32 нафар шахс оқланди.

Биргина, ўтган йилнинг ўзида кўрилган жиноят ишлари бўйича 301 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди. 3117 киши жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 625 нафарига тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Жумладан, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 686 нафар шахс тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод этилди.

Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликнинг жалб қилиниши ва маҳалла, ёшлар иттифоқи, хотин-қизлар қўмиталари вакилларининг жамоат ҳимоячиси сифатида қатнашиши ва судланаётган шахсга уларнинг кафиллиги асосида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланаётгани ҳам аввал кузатилмаган, аҳамияти беқиёс янгилик. Айнан ана шундай муносабат туфайли 2019 йилда вилоятимизда маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 171 нафар, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги билан 12 нафар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 32 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.

Буларнинг барчаси кейинги уч йилда соҳада амалга оширилган янгилик ва ўзгаришлар самараси. Бундан беш-ўн йил олдин бу ҳақда, афсуски, гапира олмас эдик. Йил давомида бир-икки кишигина оқланиши мумкин эди. Жиноят иши судда кўрилдими, шахсга жазо тайинланиши керак, деган қараш бор эди.

Ҳозиргина тинглаганимиз Мурожаатномада Президентимиз “суд остонасига кирган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат бор эканлигига тўла ишониши керак”, деган қатъий фикрни баён этди. Бу гапдан биз, судьялар фуқароларда ана шу ишончни уйғотиш, мустаҳкамлаш учун зиммамизга жуда катта масъулият юкланганини яна бир бор ҳис қилдик.

Олим ҲАЙИТОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси.