Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Атамбаевнинг асосий тарафдори оммавий тартибсизликлар уюштиришда гумон қилинмоқда

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат парламенти депутати ва собиқ президент Алмазбек Атамбаевни асосий тарафдорларидан бири Ирина Карамушкинани собиқ президентни ҳибсга олиш чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганлиги ҳақида айблов эълон қилди. Бу ҳақда Карамушкинанинг ўзи 22 август куни ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.

“Бош прокурор мени гувоҳдан 244-модда “Оммавий тартибсизликлар уюштириш” бўйича гумонланувчига ўтказди, гўё мен пул тарқатганман ва атайлаб халқни (махсус хизмат) ходимларни дўппослашга тайёрлаганман ва буйруқ берганман, шу орқали депутатлик қасамёдини бузганман”, - деб хабар берди у. 

24.kg агентлигининг хабар беришича, Бош прокуратура депутатга “собиқ президентни ҳибсга олиш чоғида гаровга олиш”да гумондор эканлиги ҳақида билдиришнома топширган. 

Атамбаев бир қатор жиноий ишлар бўйича айбланмоқда. Улар орасида коррупция, фирибгарлик, ер билан боғлиқ ноқонуний келишувлар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларига нисбатан зўравонлик ишлатиш, оммавий тартибсизликлар уюштириш, қотиллик, қотилликка уриниш, давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш каби жиноятлар мавжуд.   

Атамбаев ўзини айбдор деб тан олмаяпти ва тергов билан ҳамкорлик қилишдан бош тортяпти. Барча айбловлар юзасидан унга бир умрлик қамоқ жазоси хавф солмоқда.  

Атамбаевни ҳибсга олиш тадбири 7 август куни бошланди. Махсус хизмат жангчилари унинг Бишкек яқинидаги қароргоҳига келишди, бироқ қаттиқ қаршиликка йўлиқишди. Қароргоҳга ҳужум оқибатида 52 нафар одам жабрланди, махсус хизмат жангчиларидан бири ҳалок бўлди. Кейинчалик собиқ давлат раҳбари узоқ давом этган музокаралардан кейин таслим бўлди, уни 9 август куни ҳибсга олишди.