Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

“ГАИ” ходимлари мендан ундирган жарималарни ортиғи билан қайтарди

Китоб – мен учун энг яхши совға! Эсимни таниганимдан буён қишнинг илк кунларида энам менга китоблар тўпламини совға қилади. Қишда тунлар узун, бўш вақт кўп бўлади, деса керак-да. Кечагина, “эртага пенсия пулимни олсам, менга 5-6 та китоб олиб келасан, иккитаси луғат бўлсин”, деб айтган эди. Биламанки, 4 таси менга совға, луғат китоблар невараларига бўлса керак. 

Бу йил энамнинг бироз мазалари бўлмаганлиги учун китоб дўконига чиқолмай қолди. Ўтган йиллари ўзи “Самарқанд китоб олами”га бориб, китоблар харид қиларди.

Бундан 10 йилча аввал биринчи бор автомашина сотиб олиб ҳаракатланиб кетаётганимда, тажрибасизлигим туфайли йўл ҳаракати қоидасини бузиб қўйдим. Буни кўрган йўл ҳаракати ҳавфсизлиги гуруҳи инспектори янги ҳайдовчилик гувоҳномамни олиб қўйиб, талонга бир нималар, деб ёзиб берди (бунақа ҳолат бир-неча марта бўлган). Тўғриси, шундан буён мазкур соҳа ходимларини “хушламасдим”. Ўзим хато қилган бўлсам-да, гўё улар айбдордек.

Энди эса афсусдаман! Улар Конституция куни арафасида шундай бир хайрли ишга қўл урибдики, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан Бош Қомусимиз қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан фуқароларга 500 нусхага яқин “O‘zbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi” китоби тарқатилди. Улар орасида жамоамиз, “Зарафшон” газетаси таҳририяти ходимлари ҳам бор.

Хуллас, инспекторлар менга ҳам китоб совға қилди. Бу - мендан ундирилган жарималарни икки баравар қилиб қайтаргандан ҳам кўпроқ қимматли.

Айниқса, энг қадрли байрам – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида бу совғанинг берилиши мендан ҳам кўра, энамни жуда қувонтирди.

Тўлқин СИДДИҚ.