Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Пахтачида 13 оила қора қозонини сувга ташлаб қўймайдиган бўлди

Одатда судларни очиқ мажлис ўтказишга, айниқса, муаммо жойига бориб сайёр йиғилиш қилишига кўпам ишонавермаймиз. Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судининг навбатдаги сайёр суд мажлиси бундай ишончсизликка барҳам берди.

Иқтисодий суднинг “Пахтачи нон савдо” масъулияти чекланган жамияти бўйича чиқарган қарорлари юртимизда мулкдор ҳуқуқи нечоғлиқ кафолатланганини яна бир кўрсатди.

Суд ишида кўрилган воқеа аслида қуйидагича бўлган: Муҳиддин аканинг оиласи 66,2 фоиз улуш эгаси сифатида жамиятнинг асосий таъсисчиларидан эди. Янги тайинланган директор ушбу улушни ўзи ва бошқа бир тадбиркор билан бўлиб олган. Ажабланарлиси, бундай қарор қабул қилинган йиғилиш ҳақида мулкдорларга хабар берилмаган.

Тўғри, иш пинҳона бажарилган, раҳбар-раҳбарда дерсиз. Аммо гап мулк ҳақида кетяпти. Тасаввур қилинг, мулк эгаларидан бири бўлсангизда, сизни корхонага киритмай қўйишса. Буям ўз йўлига, у ерда ишлаётган 13 нафар қоракўз кун сайин ёмонлашаётган вазият туфайли, ишлашини ҳам, бошқа жойга кетишини ҳам билмай қолсачи? Кетай дейишса, шунча йилдан бери қадрдон бўлиб қолган жамоасини кўз қиймайди. Раҳбар ва мулкдорларнинг бир йилдан кўпроқ давом этган тортишуви туфайли ишни олдингидай давом эттиришнинг иложи йўқ.

Ҳарқалай, адолат бор экан. Одил судлов, Президентимиз олиб бораётган оқилона сиёсат ўз кучини кўрсатди.

Муҳиддин ака ва “Пахтачи нон савдо” корхонасининг 13 нафар ишчиси бу гапга ўз тақдирлари мисолида гувоҳ бўлишди. Суд мажлиси очиқ, ошкора ўтказилди. Муҳими, у сайёр тартибда бўлиб ўтди.

Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси Йўлдош Норбеков жамият раиси ноқонуний иш қилганлиги ҳар томонлама асосланганини қайд қилди. Ходимлар ишга қайтишди, уларнинг қозони яна қайнай бошлади.

Бекзод МУСУРМОНОВ.