Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Ражабамин маҳалласида содир бўлган ёнғин юзасидан қўшимча маълумот берилди: хонадонда яроқсиз ҳолга келган 43 та газ баллони бўлган

Аввал хабар берганимиздек, шу йил 18 январь куни соат 20:08 ларда Самарқанд туманидаги Ражабамин маҳалласида жойлашган фуқаро О.Н.нинг 3 ой олдин кўчиб кирган яшаш уйида ёнғин содир бўлди. 

Ёнғин оқибатида уйнинг 50 квадрат метр майдони, дарвозахонада турган 2021 йилда ишлаб чиқилган давлат рақамсиз “Дамас” русумли автотранспорт воситаси ҳамда ертўлада мавжуд бўлган 20 дона маиший газ баллони ёрилиб, яроқсиз ҳолга келган.

Дастлаб воқеа жойи туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан кўздан кечирилган бўлиб, яроқсиз ҳолга келган газ баллонлари аниқланган.

Самарқанд вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, ёнғин содир бўлгандан сўнг воқеа жойи туман ИИБ тергов бўлими томонидан қўшимча ҳолда кўздан кечирилиши давомида уйда яроқсиз холга келган 20 та газ баллонлардан ташқари яна 23 дона газ баллонлари борлиги, шунингдек, О.Н.нинг яшаш хонадони орқа қисмидан ер ости қувури орқали табиий газ тармоғига ноқонуний уланганлиги ва ушбу тармоққа газ тортиш ускунаси (насос) ўрнатилганлиги аниқланган.

Фуқаро О.Н. ўз кўрсатмасида хусусий корхона билан тузилган келишувга асосан ўзининг автомашинасида корхонага тегишли газ баллонларига маиший газ тўлдириб, етказиш билан шуғулланишини, воқеа содир бўлган куни яшаш уйида электр симига лампочка патронини ўрнатаётган вақтда чақнаш содир бўлиб ёнғин келиб чиққанлигини, шундан сўнг уйда бўлган газ баллонларидан бир нечтаси портлаб кетганлигини баён қилган.

Олинган ашёвий далиллар бўйича Х.Сулаймонова номидаги республика экспертиза марказига судга оид ёнғин экспертизаси тайинланган.

Ёнғин ва унинг натижасида келиб чиққан газ баллони портлаши оқбиатида жароҳатланганлар мавжуд эмас.

Ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу текширув ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан назоратга олинган.