Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Тирилишга умидбахш ўлим

Ҳеч бир инсон ўлишни истамайди. Ўлгандан кейин тирилишни орзу қилувчилар ҳам кўп. Ана шундай кишилар устида фан тадқиқотлар олиб бормоқда, деб ёзади «Мир новостей» (2020 й. 7-сон) ҳафтаномаси.

Ўлган одам танаси ёки бошини музлатиш орқали сақлаш мумкин экан. «Биринчи музлатилган одамни 50 йилдан кейин тирилтириш мумкин. Ҳаммаси бунинг учун зарур технологиялар пайдо бўлишига боғлиқ», дейди Россия «Криорус» криокомпанияси директорлар кенгаши раиси, футуролог Данила Медведев.

Яқинда Япония ҳукумати сунъий уйқуга чўмдириш технологиясини ўрганиш учун 160 миллион доллар ажратди. Моҳиятига кўра, у кекса кишиларнинг саломатлигига ижобий таъсир этиб, уларнинг умрини узайтиради. Олимлар анабиоз – уйқуга кетказиб инсон ҳаёти фаолиятини тўхтатиш ва кейинчалик қулай шароит пайдо бўлса, яна тиклашга катта умид боғламоқда. Мисол учун, ўлим ҳолатидаги жароҳатларда анабиоз ёрдамида қонни музли физик суюқлик билан алмаштириш муолажаси орқали мияни зудлик билан 10 градусдан паст даражада совутиш кўзда тутилади.

Яна нисбатан бошқачароқ – бир йўла барча касалликлардан даволаш ва ҳатто узоқ келажакда тирилтириш усули ҳам бор. Ўзининг танасини ёки бошини алоҳида ўта паст – 196 градус температурада музлатиш мумкин.

Ҳозирда Россияда 70 киши крионирлаштирилган – музлатилган (32 нафари бутунлигича, қолгани қисман). АҚШда криомижозлар 400 киши, улардан 300 нафари бутунлигича музлатилган.

Тана ва каллалар учта криоомборда сақланмоқда: иккитаси АҚШда, биттаси Подмосковьеда. Криокомпаниялар эса дунёда тўртта: иккитаси Америкада, Россия ва Хитойда биттадан. Россияда крионирлаштириш – музлатиш 36 минг доллар, мияни нейросақлаш (албатта, калла билан бирга) 15 минг доллар. Ғарбда эса тегишли тарзда 200 ва 80 минг доллар.

Тананинг алоҳида тўқималари кейинчалик кўчириб ўтқазиш учун ҳам крионирлаштирилади. Аммо ҳозирча 50 ёки 100 йилга музлатиб қўйилган одамларни тирилтириш имкони йўқ. Бунинг учун ҳали зарур технологиялар яратилмаган. Бунинг устига тирилтиришга уриниш ғоят қиммат – миллиард долларга тушиши мумкин.

Қисқартирилган ҳолда Т.ШОМУРОДОВ тайёрлади.