Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

@zarafshonbotга қайта мурожаат: Янгиқишлоқнинг эски дарди

Шу йилнинг 4 февраль куни @zarafshonbotга йўл муаммоси билан мурожаат қилган эдик. Масала ҳалигача ечим топмади. 

Қишлоғимиздаги 3 километрлик кўчага шағал ётқизилмаган эди. Шу сабаб бу кўча ёзда чанг, ёғингарчиликда лой. Бу ҳолат қишлоққа тез ёрдам машинасининг кириб-чиқишида, аҳолининг қабристонга боришида, ўқувчиларнинг мактабга қатнашида муаммо бўляпти.

Қишлоқнинг марказидан сой ўтган. Шағални шу ердан олса бўлади. Сойнинг икки тарафига 1,5 километрдан масофага шағал ётқизиш учун аҳолининг кучи етмаяпти. Шунинг учун “Мутасаддилар фақат техника ажратса, 500-600 литр ёқилғисига ўзимиз ёрдам берамиз”, деб бормаган жойимиз қолмади.

Президентимиз масъулларга “маҳаллабай” ўрганиш, қишлоқ кўчаларини обод қилиш топшириғини берганини эшитиб, “Энди масалага ечим топилади”, деб хурсанд бўлган эдик. Тўғри, техника келди, 1,5 километр йўл таъмирланди. Йўлни таъмирлаймиз, деб йиғиб турган пулимиздан 2 миллион сўмга яқини техника хизмати учун берилди. Бундан ташқари, 500 литр ёқилғидан ҳам ёрдам қилдик. Лекин январь ойида бошланган иш чалалигича, қабристонга борадиган 1,5 километр йўлимиз эскилигича қолди. 

Биз йўлимизни асфальт қилинг, демаяпмиз, наҳотки тош тўкишга кўмаклашиш мутасаддилар учун қийин бўлса?..

Усмон Ҳасанов,

Неъматилла Болмонов,

Қўшработ тумани Навкат маҳалласи.